Камситилган мигрантлар: Қирғизистон ТИВ Россиядан ҳолатни текширишни талаб қилди (видео)
Олам
−
22 Январь
12835Аввалроқ, Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги қурилиш объектларида ўтказилган рейдлар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мигрантларни чўккалаб юришга мажбурлагани ҳақидаги видео тарқалиб, жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлганди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Екатеринбургдаги муҳожирларга қарши ўтказилган рейдда ғайриинсоний усуллар қўллангани юзасидан Россия расмийларига мурожаат қилди.
Маълумотларга кўра, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ), Ички ишлар вазирлиги, Росгвардия ва Свердлов вилояти прокуратураси ҳамда Екатеринбург шаҳар бошқармаси ходимлари шаҳардаги қурилиш объектларида текширув ўтказган. Ушбу рейддан олинган сурат ва видеоларда эса хавфсизлик кучлари ходимлари ўнлаб муҳожирларни қаторга қўйиб, ўтиришга мажбур қилгани акс этган. Айрим муҳожирларнинг ерга тиз чўкиб ўтиргани тасвирга олинган.
“Ички ишлар вазирлиги вакиллари кўп қаватли уйлар барпо этилаётган бир қанча қурилиш объектларини атрофлича кўздан кечирди. Жами 100 дан ортиқ мигрантлар кўрикдан ўтказилди. Терговчилар томонидан миграция қонунчилигини бузган 12 нафар шахс аниқланиб, ички ишлар органларига уларни мамлакатимиз ҳудудидан чиқариб юбориш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди. 2023 йилда полиция худди шу қонунни бузган жами 2586 кишини аниқлади. 2024 йилда бу каби ишлар вилоятнинг барча ҳокимликларида давом эттирилади", деган Ички ишлар вазирлигининг Свердлов вилояти бошқармаси матбуот котиби Валерий Горелих маҳаллий нашрлардан бирига бу ҳақда сўз очиб.
Екатеринбургдаги рейд шакли Россиянинг ўзида ҳам қораланган, ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинган. Ундаги ҳолат ижтимоий тармоқларнинг айниқса, қирғиз сегментида шов-шув бўлиб, шарҳловчилар расмий Бишкекни бунга муносабат билдиришга чақирган.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Екатеринбургдаги Бош консуллик орқали текширув ўтказилаётганини маълум қилган.
Вазирлик Екатеринбургдаги 3 та қурилиш объектида 150 нафар хорижликдан 40 нафари Қирғизистон фуқароси бўлганини тасдиқлаган. Бироқ қирғизистонликлар томонидан миграция қонунчилиги бузилмагани айтилган. Республика ТИВ алоҳида ахборот билан чиқиб, унда Бош консуллик Россиянинг назорат органлари ҳуқуқ-тартибот органлари меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг қадр-қимматини камситувчи усуллардан фойдаланишининг қонунийлигини кўриб чиқаётганини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, Россияда ишловчи меҳнат мигрантлари орасида Қирғизистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этади. 2023 йил сентябрида "Российская газета" мамлакатда Қирғизистондан келган 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари борлиги ҳақида ёзганди.
LiveБарчаси