Камчаткада икки ой денгизда қолиб кетган эркак қутқарилди (видео)
Олам
−
16 Октябрь
6162Жорий йилнинг август ойи бошида Россиянинг Хабаровск ўлкасида уч кишидан иборат сайёҳлар гуруҳи йўқолган эди. Кеча, 15 октябрь куни Охотск денгизи ҳудудида балиқчилар тасодифан уларнинг кемасини топишга муваффақ бўлди. Лекин сайёҳлардан фақатгина бир эркак омон қолган ва у вафот этган яқинларининг жасадларини ҳам қайиқда сақлаб қолган. Бу ҳақда “Gazeta.ru” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ҳаво тўлдирилган резина қайиқ Камчатка яқинидаги Усть-Хайрюзово ҳудудида топилган ва 9 августдан бери қидирилаётган бўлган. Улар Хабаровск ўлкасидан Сахалинга сузиб етишга ҳаракат қилган. Ўша вақтдан бошлаб сайёҳлар билан алоқа узилган ва улар денгизда 67 кун давомида қайиқда оқиб юрган.
Маълумотларга кўра, қайиқ тасодифан топилган. Балиқчилар экипажи қайиқни радар орқали кўриб, аввалига уни сузувчи белгилар ёки кичик чиқинди деб ўйлаган. Лекин у анча олдин йўқолган сайёҳлар қайиғи бўлиб чиққан.
Қайд этилишича, қайиқда вафот этганлар — бир эркак ва 16 ёшли ўсмир бўлган. 46 ёшли омон қолган эркак эса вафот этган одамнинг акаси бўлган. У бу давр мобайнида 50 кг вазн йўқотган ва яқинларининг жасадларини сақлаб қолган. Аммо унинг аҳволи ҳозирда оғир деб баҳоланмоқда.
Ушбу воқеа юзасидан Россия Узоқ Шарқ Транспорт прокуратураси маълумот бериб, омон қолган эркакка биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганини билдирган. Шунингдек, воқеа бўйича Россия Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми (транспорт хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида икки ёки ундан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлиш) асосида жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага қайиқ двигателининг бузилиши сабаб бўлган.
LiveБарчаси