Камбағал оилаларга фоизсиз ссудалар ажратилади
Жамият
−
18 Февраль
3861Эндиликда Ўзбекистонда камбағал оилаларга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун фоизсиз ссудалар ажратилади. Бу Президентнинг 14 февраль куни қабул қилинган “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, айланма маблағлари билан таъминлаш ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ўз фаолиятини бошлаши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилишга ажратиладиган субсидиялар ўрнига фоизсиз ссуда ажратиш тизимини жорий этилади.
Аҳоли томонидан қизиқиш билдирилмаган, узоқ давр мобайнида фойдаланилмаётган ва самарадорлиги паст бўлган субсидиялар бекор қилинади ҳамда бир-бирини такрорловчи субсидиялар бирлаштирилади.
Маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва драйвер йўналишларидан келиб чиқиб, камбағал оилаларга тадбиркорлик ҳамда деҳқончилик билан шуғулланиши учун грант ва фоизсиз ссудалар ажратилади.
2026 йил 1 январдан аҳолига нақд пул шаклида бериладиган молиявий ёрдамлар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали ажратилади.
2025 йил 20 мартгача Иқтисодиёт ва молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Субсидия, ссуда ва грантларнинг самарадорлигини баҳолаш ва мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказган мулоқотида Ўзбекистонда эндиликда камбағал оила фарзандига қўшимча грант ажратилиши, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилиши айтилган эди. Мулоқотда камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали ечими таълим экани таъкидланган. Шунга кўра, кам таъминланган оилада ҳеч бўлмаганда битта фарзанд олий маълумотли бўлиши учун зарур шароитлар яратилади. Эндиликда камбағал оиланинг фарзандига таълим кредити фоизсиз берилади, қўшимча грант ажратилади, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилади.
LiveБарчаси