Калифорниядаги омборда даҳшатли портлаш содир бўлди (видео)
Олам
−
02 Июль 6156 1 дақиқа
Бугун, 2 июль куни Америка Қўшма Штатларининг Калифорния штатидаги Йоло округида жойлашган мушак омборида кучли портлаш содир бўлди ва катта ёнғин бошланди. Бу ҳақда Йоло округи шерифи офиси ўзининг Facebook саҳифасида хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳодиса Эспарто ва Мэдисон аҳоли пунктлари яқинида рўй берган.
“Биз ҳар бир кишидан бу ҳудуддан узоқроқ бўлишни қатъиян сўраймиз, чунки ёнғин ва қутқарув хизматлари ўз ишларини хавфсиз бажара олишлари керак. Ҳодиса жойи атрофида эвакуация зонаси ташкил этилган”, дейилади полиция баёнотида.
NBC News маълумотларига кўра, мушаклар сақланадиган омборда аввал ёнғин чиққан ва кейин портлаш юз берган. Ёнғин детонацияни келтириб чиқарган, ундан сўнг кучли портлаш содир бўлган.
Ҳодиса сабаблари ва тафсилотлари ҳозирча номаълум. Шунингдек, жабрланганлар бор-йўқлиги ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. Воқеа жойида ишлар давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг жанубий штати Телингана ҳудудида жойлашган фармацевтика фабрикасида юз берган кучли портлаш оқибатида камида 34 киши ҳалок бўлиб, бир неча киши эса тан жароҳатлари олганди.