Калифорнияда самолёт қулаб тушди. Қурбонлар бор
Олам
−
10:37 425 2 дақиқа
Кеча, 5 сентябрь куни тушдан кейин АҚШнинг Калифорния штатидаги Фресно шаҳри аэропорти яқинида кичик самолётнинг қулаб тушиши оқибатида икки нафар бола ҳалок бўлди, икки нафар катта ёшли шахс эса шифохонада яшаб қолиш учун курашмоқда. Бу ҳақда “New York Post” хабар берди.
Қайд этилишича, тўрт кишини олиб кетаётган ҳаво кемаси маҳаллий вақт билан соат 14:00 атрофида Сан-Хоакин дарёси яқинида қулаб тушган. Ҳодиса жойига шошилинч хизматлар жалб қилинган.
Фресно округи Шериф бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ходими Тони Боттининг маълум қилишича, ҳуқуқ-тиртибот идораларига соат 13:50 атрофида Сьерра-Скай-Парк яқинидаги Блайт авенюсининг шимолий чеккасида самолёт қулагани ҳақида хабар келиб тушган.
Ўт ўчирувчилар, полициячилар ва шериф ўринбосарлари воқеа жойига етиб борганида дарё яқинидаги тепаликда самолёт қолдиқларини ва яқин орадаги адирликни ёнғин эгаллаётганини кўрган.
Икки нафар катта ёшли шахс ўта оғир аҳволда шифохонага етказилган. Жабрланганларнинг шахси ва аниқ ёши ҳали тасдиқланмаган. Терговчилар ҳалокат сабабларини ўрганишни бошлаган. Ҳозирча самолётнинг нима сабабдан қулагани ноаниқлигича қолмоқда.
Боттининг сўзларига кўра, Федерал авиация бошқармаси (FAA) ва Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) терговга жалб қилинган. Терговчиларга ишлаш учун шароит яратиш ва одамларни яқинлаштирмаслик мақсадида ҳалокат жойи атрофида хавфсизлик тўсиғи ўрнатилган.
ABC30 хабарига кўра, ҳодиса жойида Фресно полицияси, Фресно ёнғин хавфсизлиги хизмати, Фресно округи Шериф бошқармаси, PG&E энергетика компанияси ва Шимолий Марказий ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари ҳам иш олиб борган.
PG&E компаниясининг электр узилишлари харитасига кўра, самолёт қулаши яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида электр таъминоти узилишига сабаб бўлган, бироқ кейинчалик хизмат кўрсатиш қайта тикланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Греция шарқида авиашоу вақтида F-4 Phantom қирувчи самолёти ҳалокатга учраган эди.
Live
Барчаси