“Кальмар ўйини” сериалини ноқонуний сотган талаба ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
25 Ноябрь 2021
19482Корея Халқ Демократик Республикасида Жанубий Корея киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Кальмар ўйини” сериалини кўчириб сотган талаба ўлимга, сериални томоша қилган юқори мактаб ўқувчилари эса беш йиллик мажбурий меҳнатга ҳукм қилинди. Мактаб ходимлари ишдан бўшатилган. Бу ҳақда “Forbes” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, талаба сериални Хитойда флеш хотирага кўчириб олган ва уйига қайтганидан сўнг нусха кўпайтириб ҳамюртларига сотган.
Ҳукумат вакиллари 7 нафар мактаб ўқувчисининг корейс тилидаги “Кальмар ўйини” сериалини томоша қилиб ўтирганида ушлаб олган. Ўқувчилардан олтитаси беш йил мажбурий меҳнатга, бир нафари эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Мактаб ходимлари эса ишдан бўшатилган.
“Ҳукумат бунга жиддий қарайди, чунки бундай ҳолатлар ёшларнинг таълим олишини бузади. Марказий қўмита мактаб директори, ёшлар ишлари бўйича котиб ва синф раҳбарини ишдан бўшатди”, деган манба.
Қайд этилишича, ўқувчилар ва контрабандачи талаба қўлга тушгандан сўнг, расмийлар бозорлардаги хотира сақлаш мосламалари ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларини ўз ичига олган видео дискларнинг ҳаммасини назорат қилиб чиққан.
“Аҳолининг барчаси қўрқувдан титраяпти, чунки улар қанчалик кичик бўлишидан қатъи назар, хотира сақлаш мосламаларини сотиб олган ёки сотган. Бунинг учун шафқатсизларча жазоланиши мумкин”, деган яна бир манба.
Маълумот ўрнида, КХДРда ўтган йили капиталистик мамлакатлар видеомаҳсулотларини олиб кирганлик ва тарқатганлик учун жазолаш кўзда тутилган қонун қабул қилинган. Ушбу қонун бўйича биринчи марта фуқаро ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Эслатиб ўтамиз, “Кальмар ўйини” сериали кинорежиссёр Хван Дон Хёк томонидан ишланган. Унинг премьераси жорий йилнинг 17 сентябрь куни Netflix платформасида бўлиб ўтган. 25 кун давомида 111 миллиондан ортиқ томоша қилиниб, дунёнинг 94 давлатида топ-10 таликда биринчи ўринни қўлга киритган.
LiveБарчаси