Кадастрлар палатаси ходими 15 минг доллар билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
11 Ноябрь 2023
6343Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида Кадастрлар палатасининг ходими 15 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани филиали ходими ва яна бир шахс ўзаро тил бириктириб, деҳқончилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога тумандаги фермер хўжаликларидан бирига тегишли 17 гектар ер майдонини ижарага олиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Улар сўралган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда Қарши туманида истиқомат қилувчи шахс алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, унга туман ҳокимлиги захирасида бўлган 55 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали олиб бериш эвазига 55 минг АҚШ доллари сўраган.
У талаб қилинган пул маблағидан 11 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Яна бир ҳолатда эса Фарғона туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган шахс боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 13 гектар ер майдонини харидорга 20 минг АҚШ долларига сотишга ва ҳокимиятдаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришга келишиб олган. У олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги деҳқон хўжалик раҳбари туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан деҳқон хўжалиги ташкил этиш ҳамда вақтинча фойдаланиш учун ажратилган 2 гектар ер майдонини харидорга 300 млн сўмга сотишга келишган.
Деҳқон хўжалик раҳбари талаб қилинган пул маблағидан 8200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси