“Қўйлар намойиши”ни уюштирганларга чора кўриладими? ИИБ изоҳ берди
Жамият
−
09 Апрель 2021
10328Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига қўй ҳайдаб келингани ҳақида видео ва хабарлар тарқалганди. Самарқанд вилояти ҳокимлигида Нуробод тумани сектор раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Матбуот анжуманида журналистлар мазкур ҳолатнинг ҳуқуқий оқибатлари билан қизиқди. Қўйларни туман ҳокимлиги биноси олдига ҳайдаб келган кишиларга нисбатан чора кўрилмайдими, деб сўради.
Бунга жавобан, туман ИИБ бошлиғи аҳоли ва фермер хўжалиги, кластер корхонаси раҳбарлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилгани ва бу ҳолат юзасидан ҳеч кимга нисбатан бирор бир ҳуқуқий чора кўрилмаслигини маълум қилди.
Шунингдек, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қиличли маҳалласи унинг сектори ҳудудига кириши ва йил бошидан буён маҳаллада аҳоли билан тўрт марта учрашув ўтказган бўлса-да, яйлов масаласида мурожаат тушмаганини қайд этган.
“Бу қишлоқ туман марказига яқин ҳудудда жойлашган. 3300 аҳоли яшайди ва улар асосан чорвачилик билан шуғулланади, лекин бирор марта шу кластер билан боғлиқ муаммо чиқмаган. Кечаги воқеалар янги тартиб бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кенг кўламда олиб бориш лозимлигини кўрсатди ва бу борадаги ишларни янада жонлантирамиз”, дейди туман ИИБ бошлиғи.
Матбуот анжумани чоғида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тарқатилган Нуробод тумани ҳокимининг 40 гектарлик яйлов ерларни соҳта ҳужжатлар асосида лалмикор майдон сифатида тадбиркорга бериб юборгани ва мазкур қарор бекор қилингани билан боғлиқ хабар бўйича ҳам масъуллардан изоҳ сўралган.
Туманга яқинда тайинланган прокурор Норсулув Сойипова мазкур ҳолат Қиличли маҳалласида юзага келган вазиятга боғлиқ эмаслиги ва бу туманнинг Ағрон маҳалласидаги “Ағрон Ингичка сой далалари” фермер хўжалиги билан боғлиқлигини маълум қилди. Қайд этилишича, тадбиркорнинг 2020 йил 9 декабрдаги мурожаати асосида туман ҳокимининг 23 декабрдаги қарори билан унга туман ҳокимлиги захирасидаги лалмикор ердан 40 гектар майдон 30 йил муддатга ажратиб берилган. Ер ажратишда фермерга ердан самарали фойдаланиш, 30 миллион сўм сармоя киритиш ва иш ўрни яратиш шартлари қўйилган. Аммо тадбиркор 5 март куни ҳокимликка қайта мурожаат қилиб, ерни қайтариб олишни сўраган. 29 мартда ҳоким қарори билан захирага қайтариб олинган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳам воқеа юзасидан изоҳ берганди.
Шунингдек, бу масала Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳам ўрганилди. “Қўйлар намойиши”га сабаб бўлган ҳоким қарори бекор қилинди.
LiveБарчаси