“Қўйлар намойиши”га сабаб бўлган ҳоким қарори бекор қилинди
Жамият
−
07 Апрель 2021
10576Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдида 6 минг бош қўй ҳайдаб келингани ҳақида видео ва хабарлар тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Кейинчалик Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси воқеа юзасидан изоҳ берди. Самарқанд вилояти Нуробод тумани “Ағрон” маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Я. нинг мурожаати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳам ўрганилди. Бу ҳақда Агентлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, фуқаро ўз мурожаатида Нуробод туман ҳокимлиги ва туман кадастр бўлими масъуллари томонидан Тошқудуқ массивидаги 2118к, 2119к, 2120к, 2121к ва 2122к контурлардаги 40 гектар экин экилмаган яйлов ер майдонлари сохта ҳужжатлар асосида лалмикор ер майдонлари сифатида “A. I. S.” МЧЖга берилгани ҳамда Нуробод туман ҳокимининг 2020 йил 23 декабрдаги 905-Қ-сон қарори коррупцион ҳолатлар асосида чиқарилганини маълум қилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тегишли ҳужжатларни ўрганиш давомида, Нуробод туман ҳокимининг мазкур қарори қабул қилинишида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш ва яйловлардан фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилмагани маълум бўлган.
Жумладан, Нуробод туман ҳоким қарорига асосан, “A.I.S.” МЧЖга Нуробод тумани Тошқудуқ массивидаги 2118к, 2119к, 2120к, 2121к ва 2122к контурларда жойлашган яйлов ер майдонлари лалмикор ер сифатида ғаллачилик билан шуғулланиш учун ажратилган. Ушбу контурлардаги ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг жорий йил 27 мартдаги 01002-сонли хатида узоқ йиллардан буён фойдаланилмаган ва экин экилмаган яйлов ер майдонлари экани ҳам кўрсатилган.
Ўрганишлар ва Нуробод туман ҳокимлиги масъуллари билан олиб борилган тегишли ҳаракатлар натижасида туман ҳокимининг қарори бекор қилиниб, Нуробод тумани Тошқудуқ массивида жойлашган яйлов ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига олинган.
LiveБарчаси