Қуёшда сўнгги етти йилдаги энг кучли портлаш содир бўлди
Бу қизиқ
−
23 Февраль
9740Бугун, 23 февраль куни Қуёшда сўнгги етти йилдаги энг кучли чақнаш содир бўлди. Охирги марта бундай ҳодиса 2017 йилда кузатилган. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институтининг Қуёш астрономияси лабораторияси хабар берди.
"Қуёшда қайд этилган радиация оқимлари квадрат километрга тахминан бир киловаттни ташкил этди – бу охирги қайд этилган рекорд даражадан атиги икки-уч баравар паст. Қуёш чақнаши "Х6,3" деб баҳоланди ва 2017 йилдан бери содир бўлган энг катта портлаш ҳисобланади. Кузатувларга кўра, охирги чақнаш хавфли даражада Қуёш-Ер чизиғига яқин жойда бўлган”, дейилади лаборатория изоҳида.
Маълум қилинишича, Қуёш чақнашидан содир бўладиган плазма булутлари Ерга қараб ҳаракатланса, уларнинг сайёра орбитасига етиб келиши ва шунга мос равишда магнит майдонига таъсири 25 февраль куни содир бўлиши мумкин. Бу пайтда кузатиладиган магнит бўронларининг кучи G4 даражасига етиш эҳтимоли мавжуд.
Маълумот учун, Қуёш чақнашлари рентген нурланишининг кучига қараб беш синфга бўлинади: А, Б, C, М ва Х. 2024 йил бошидан бери Қуёшда 5 та кучли чақнаш кузатилган.
Қуёш чақнашлари Ерда магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин, бу эса ўз навбатида энергия тизимларида узилишларга олиб келади ва қушлар, ҳайвонларнинг миграциясига ҳам таъсир кўрсатади. Бироқ чақнаш Қуёш-Ер чизиғидан сезиларли масофада бўлса, у сайёрага таъсир қилмайди.
Улканбаева Райҳона