Қуёш панеллари. Тадбиркор 500 миллионлик гўштига “куйди”
Таҳлил
−
04 Октябрь
16640Ҳали қиш кириб келмади, аммо унинг тадориги Ўзбекистонда аллақачон бошланган. Баъзан бу тайёргарлик мажбурловга, баъзан босимга ҳам айланаётганидан хабарингиз бордир. Гап яна қуёш панеллари ҳақида бормоқда. QALAMPIR.UZ бу ҳақда кўп гапирди. Тадбиркорлардан келаётган мурожаатларни ўрганди, бу бўйича видео материаллар тайёрлади, масъулларни сўроққа тутди, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган Бизнес Омбудсманни қидирувга берди. Натижа нима бўлди дейсизми? Ҳали ҳамон тадбиркорлар бу муаммодан қутула олмаяпти, панель ўрнатмаса чироқлари узиляпти, бундан эса зиён устига зиён кўряпти. Буни қарангки, Энергетика вазирлиги ҳам, Ҳудудий электр тармоқлари, маҳаллий ҳокимиятлар ҳам бундай мажбурловларни рад этиб чиқмоқда. Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси илк бор мамлакатда бундай мажбурловлар содир бўлаётганини тан олиб, муаммога учраган тадбиркорларга ёрдам бермоқчилиги, улар судга мурожаат қилиш ҳуқуқларига эгалигини баён қилди.
“Биринчидан, истеъмолчи ва таъминотчи корхона ўртасида тузилган шартномада ёзиб қўйилган. Қайси пайтда истеъмолчи электр токидан узилиб қўйиши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда истеъмолчилар ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини тўғри билиб, бундай пайтларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга ёки судга мурожаат қилишлари керак”, деди инспекция директори ўринбосари Хуршиджон Эшқўзиев. Ҳамма давлат ташкилоти ёрдам бераман дейди, лекин ҳақиқатдан ҳам ёрдам берадиган мард йўқ. Мана, масалан, Наманганда яримтайёр гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркор Билол Усмоновнинг электри кеча узиб кетилган. Шунингдек, Усмоновнинг ён-атрофидаги бошқа тадбиркорлар ҳам бугун, айни пайтда электрсиз ўтирибди. “15 сентябрь куни келишиб, мажбурий тарзда қуёш панелларини ўрнатишимизни айтишди ва 30 сентябрь кунигача муҳлат беришди. 2 октярбь куни келишиб қуёш панелини ўрнатолмаганимни кўришиб, ҳеч ким йўғида электрни узиб кетишган. Менинг корхонам олдида нон ишлаб чиқарадиган корхона ва бошқа цехлар ҳам бор. Ҳаммамизники узилган. Биргина менинг корхонамда 6-7 тонна гўшт маҳсулоти бор эди. Доимий мижозлар билан ишлаганимиз ҳисобига у ерда музлатилган ҳолатда туриши керак ”, деди тадбиркор.
Бир муддат аввал Тошкент вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳам ёппасига электрдан узиб қўйилган, айримлари эса узиб қўйиш билан қўрқитилган. Тадбиркорлар бундай хатти-ҳаракатлар ноқонуний эканини айтиб, ҳеч қандай қарздорлиги мавжуд эмаслигини айтса ҳам улар қулоқ солишмаган.
Қуёш панелини ўрнаттиришга ҳамма жавобгар-у, унинг таҳлилию тақдирини биров бўйнига олгиси келмайди.
Бундай шароитда қуёш панеллари кўр-кўрона ўрнатилмаяпти деб ким кафолат беради? Шунинг учун бугун қуёш панелларини томига кўз-кўз қилиб ўрнатиб қўйган, аммо ишлатмаётган давлат идоралари йўқ эмас.
Шундай экан, қишолди, балки аниқ ҳисоб-китоблар эълон қилинар. Шунда қишнинг совуғидан, унда электрнинг ҳуда-беҳуда ўчаверишидан безор тадбиркорлар ўз хоҳиши билан қуёш панелларини афзал билармиди?
Ҳа айтганча, Бизнес Омбудсман ҳали ҳам топилмади.
Бироқ мансабдорларнинг бу хатти-ҳаракати эса тадбиркорларга қимматга тушмоқда. Улар бир кун электр бўлмаса ҳам бўйнигача банкрот бўлиш эҳтимоли катта. Сут маҳсулотлари, гўшт маҳсулотларининг айниши, яроқсизланиши мумкин. Бу эса тадбиркорга ҳам, истеъмолчиларга ҳам зиён етказади.
“Ҳар бир дўконда камида 40 млн сўмлик сут ва гўшт маҳсулотлари бўлади. Агар совиткич ишламаса, бир кунда айниб қолади“, деди Тошкент вилоятида савдо билан шуғулланувчи тадбиркор.
Хўш, ўзи тадбиркорлар нега яшил энергияга ўз хоҳиши билан ўтмаяпти? Нима учун биров мажбурламасданоқ тинчгина қуёш панелини ўрнатиб қўя қолмаяпти улар. Гап унинг нархида. Бугун қуёш панелларини ўрнатиш тадбиркордан яхшигина маблағ, катта харажат талаб қилмоқда. Бунинг устига ўрнатилган қуёш панеллари энергия эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмаса яна муаммо устига муаммо.
Панеллар Хитойнинг энг арзон ва сифатсиз қуёш панеллари экани, қолаверса, гелийли аккумуляторлар деб сотаётганлари, ярим гелийли, узоқ муддат ток бермайдиган, кафиллик муддатига жавоб бермайдиган, аккумуляторлардир.
Биринчидан, Хитойда ҳақиқий гелийли аккумуляторлар қиммат. Иккинчидан, қиммат сифатли гелийли аккумуляторларни олиб келишса, мижозлар қиммат дея олмайди. Учинчидан, олиб келинаётган қуёш панеллари монокристалл ва поликристал панеллар. Булар осмонда булут пайдо бўлиши билан ток бермай қўяди. Одатда электр энергия қишда кўп керак бўлади. Бу дегани қишда, булутли кунларда электр токи бермайдиган бунақа қуёш панелларини сотиб олишдан не фойда?
Бундан бир йил олдин чамаси Хоразм вилоятида қуёш панелини ўрнатган тадбиркор унинг айтарли фойдасини кўрмаган.
“50 кВтлик қуёш панелидан фақат 20-25 кВт электр ололасиз. Яъни ярми. Фойдага киришингиз учун эса камида 4-5 йил керак. Агар шунда ҳам панелнинг аккумулятори бузилмаса”, дейди хоразмлик тадбиркор.
Аслида қуёш панеллари Ўзбекистон шароити учун энг мақбул энергия бўлиб, унинг афзаллик томонлари кўп. Аммо бугун давлат унинг афзалликларини аниқ рақамлар билан айтиб беролмаяпти. Масалан, 2022 йилдан мамлакатдаги барча давлат идоралари ва ташкилотларининг том қисмига қуёш панеллари ўрнатила бошланди. Шунингдек, тадбиркорлар ҳам 2019 йилдан оммавий тарзда қуёш панелларини ўрнатишга тарғиб қилина бошланди. Аммо бугун қанча қуёш панеллари ўрнатилгани, улар қанча миқдорда Ўзбекистон электр-энергиясини тежаб қолаётгани, қанча маблағ тежалгани, ўрнатилган қуёш панеллари ўзи ишлаяптими, йўқми бу ҳақида аниқ ҳисоб-китоб, таҳлил эълон қилинмади. Хўш, бунинг учун ким жавобгар? Биз айни савол билан Ўзэнергоинспекцияга юзландик.
“Биз ўз ваколатимиз доирасида қуёш панеллари бўйича таҳлил ўтказишга масъул эмасмиз. Аммо август ойида ўтказган ўрганишларимиз натижасида шу аниқ бўлдики, жами 71 та идора қуёш панелларини ўрнатиб, лекин ишлатмаган. Уларда нотўғри ўрнатиш ҳолатлари аниқланди ва биз тегишли ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга топширдик”, деди ўринбосар.
LiveБарчаси