Қўшработ тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги фуқаро вафот этди

Жамият

image

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланган фуқаро вафот этди. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани судида Жиноят кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш – таҳр.) 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши кўрилишида О.Назаров суддан яширинганлиги сабабли суд ажрими билан 13 майда унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида сиртдан қамоқ қўлланилган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида О.Назаров 2 июлда ушланиб, туман ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси (ВСҲ)га жойлаштирилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, марҳум О.Назаров 4 июль куни соат 10:00 ларда ВСҲ ходимига кўзларига ҳар хил нарсалар (илон, чаёнлар) кўринаётганлигини айтиб, шикоят қилган. Шу асосда ИИБ ВСҲ ходимлари туман тиббиёт бирлашмаси психиатр-наркологини таклиф қилган ва О.Назаров шифокор кўригидан ўтказилган.

Шу куни соат 21:00 ларда О.Назаров туман ИИБнинг ВСҲда тўсатдан вафот этган.

Туман ИИБ ВСҲдаги О.Назаров сақланган ҳужрага ўрнатилган видеокамера тасвирлари кўздан кечирилганида, О.Назаров қўл оёқларини кўтарганча талвасага тушиб қолганлиги акс эттирилганлиги аниқланган. Марҳум О.Назаровнинг мурдаси мутахассис иштирокида кўздан кечирилганда, унинг танасининг ташқи тарафида тан жароҳатлари аниқланмаган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида О.Назаровда ўткир ўпка ва бош мия шиши оқибатида ўлим келиб чиққанлиги кўрсатилган.

О.Назаровнинг ўлими ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси нарколог-психиатри, туман ИИБ ВСҲ ва бошқа ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.

Ҳолат бўйича Қўшработ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Баёнотда қайд этилишича, текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ, Андижон шаҳар ИИБда калтакланган фуқаро ва Навоий вилоятида колонияда сақланган маҳбус вафот этганди. Маҳкумнинг ўлимига унинг организмидаги бошқа касалликлар сабаб бўлгани айтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд вилояти

Баҳолаганлар

996

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг