Қўшниларимиз қийналса, биз четда қараб турмаймиз – Тўқаев

Олам

image

Қозоғистон халқаро ҳамжамиятнинг масъул аъзоси сифатида очиқ савдо ва товар ҳамда хизматларнинг эркин ҳаракатланиши тамойилларига қатъий содиқ қолади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Чимкент шаҳрида жамоатчилик вакиллари билан учрашувда сўз очди.

Қозоғистон раҳбарининг таъкидлашича, мамлакат барча ҳамкорлар билан ўзаро ишонч, очиқ мулоқот ва манфаатларни ҳисобга олиш асносида муносабат ўрнатмоқда.

“Савдо – бу тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб, у нафақат алоҳида давлатларнинг, балки бутун минтақаларнинг фаровонлигига хизмат қилади. Қозоғистон Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғловчи асосий савдо йўллари чорраҳасида жойлашган. Бу бизнинг географик хусусиятимиз эмас, балки тарихий вазифамиз, десак ҳам бўлади. Биз тақдир томонидан берилган бу стратегик устунликдан оқилона фойдаланишимиз керак. Шу сабабли Қозоғистон энг муҳим халқаро транспорт ва логистика лойиҳаларининг амалга оширилишида фаол иштирок этмоқда. Мақсадимиз аниқ. Биз тақдир бизни бирлаштирган қўшни давлатлар билан ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттирамиз”, дейди Қозоғистон етакчиси.

Унинг билдиришича, халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Қозоғистон ташқи сиёсатини ана шу манфаатларга таяниб, мувозанатли ва барқарор тарзда олиб бормоқда. Қозоқ тилида “Қўшнининг ҳақи – Тангрининг ҳақи”, деган нақл бор. Мамлакат барча чегарадош давлатлар билан дўстона муносабатларни йўлга қўйган ва бунга алоҳида эътибор қаратади.

“Қўшниларимиз қийналса, биз ҳеч қачон четда турмаймиз. Атрофимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришида биз ҳам манфаатдормиз”, дея таъкидлаган Президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов, Миллий банк раиси Темур Сулаймонов ва бошқа масъул шахслар билан халқаро бозорларда энергия ресурслари ҳамда асосий хомашё нархларининг тариф можаролари туфайли кескин пасайиб кетганига боғлиқ иқтисодий вазият юзасидан учрашув ўтказган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Қосим-Жомарт Тўқаев Савдо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг