Қурилиш вазирлиги 1000 дан ортиқ тадбиркорлар ҳуқуқларини бузгани аниқланди
Жамият
−
25 Июнь 2022
7346Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бош бошқармалари ходимлари 2021 йил ва 2022 йилнинг ўтган даврида 1 326 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талабларини бузган. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Ташкилот томонидан ўтказилган йиғилишда, хусусан, турли давлат хизматларини кўрсатишда 90 нафар ходим томонидан 1 091 та ҳолатда белгиланган муддатларни кечиктириш, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш, мурожаатни асоссиз рад этиш каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
Шунингдек, тадбиркорларнинг рухсат бериш билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқишда Фарғона вилоятида 8 та, Тошкент шаҳрида 3 та ҳолатда лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган.
Бундан ташқари, амалдаги тартибга асосан, лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш масаласини кўриб чиқиш муддати 7 иш куни қилиб белгиланган бўлса-да, вазирлик марказий аппарати ходимлари томонидан 7 та ҳолатда мазкур муддатнинг бузилишига йўл қўйилган.
Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқилиши ўрганилганда 197 та ҳолатда қонунчиликка зид равишда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ўтказиб юборилган.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 20 та ҳолатда ўтказилган ўрганишлар Бизнес-омбудсманни хабардор қилмасдан амалга оширилган.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги учун вазирлик ва унинг ҳудудий бош бошқармаларининг 143 нафар ходимига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилган.
LiveБарчаси