Қўнғироқ қилсангиз бас, айтган жойингизга етиб бораман – Зеленский Эрдўғаннинг қаноти остига кирмоқда

Олам

image

Агар Россия Киев билан кескинликни камайтиришда Туркиянинг воситачилигини маъқулласа ва Владимир Путин Украина Президенти билан учрашув таклифини қабул қилса, Зеленский ўша заҳоти Туркия раҳбари айтган жойга етиб келишга тайёр. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина сафаридан қайтишда журналистларга маълум қилган. 

Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Киевдан қайтаркан, самолётда сафари чоғида ҳамроҳлик қилган журналистларнинг саволларига жавоб берди. 

Эрдўған,Туркиянинг Украина ва Россия Федерацияси ўртасидаги кескинликни камайтиришга ҳисса қўшишга тайёрлигини Владимир Зеленскийга билдирганини айтган. 

“Зеленский менга: “Сиз қўнғироқ қилишингиз билан эртаси ёки индинига сиз айтган жойга етиб бораман”, деб айтди”, дейди  Туркия раҳбари. 

Туркия Президентининг сўзларига кўра, агар Владимир Путин билан учрашувдан кейин Россия томони турк воситачилиги ғоясини маъқулласа, Анқара Москва ва Киев ўртасидаги мулоқот жараёнига муносиб ҳисса қўшишга тайёр бўлади. 

“Мен Россия Президенти билан учрашувга алоҳида аҳамият бераман. Россия раҳбарининг Пекин Олимпиадасидан кейинги ташрифи санаси ҳозирча келишиб олинмаган. Умид қиламанки, Зеленский ва Путин ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади ва бутун минтақа учун имкониятга айланади. Анқара, шунингдек, минтақадаги кескинликни камайтириш чоралари бўйича техник муҳокамалар учун платформа тақдим этишга тайёр”, дейди Эрдўған.  

Шу билан бирга, у Ғарб ҳалигача Киев ва Москва ўртасидаги кескинликни камайтиришга ҳисса қўшмаганидан афсусда эканини билдирган. 

“[Ғарбда] улар шунчаки ғилдиракка таёқ қўйишди. Украина ва Россия Федерацияси ўртасидаги инқирозни бартараф этишда Европанинг етакчилиги жиддий шубҳаларни келтириб чиқармоқда. Бугун Европада кескинликни пасайтиришга ҳисса қўша оладиган етакчининг борлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Илгари бундай қадамлар Ангела Меркель томонидан амалга оширилган, агар керак бўлса, ҳақиқатан ҳам инқирозларни бартараф этиш калитларини топган. Бундай раҳбарлар қолмади. Бошқа сиёсатчиларни тилга олиш ҳам арзимайди. Америка Қўшма Штатлари Президенти бу масалага ҳали ижобий ёндашишни кўрсатгани йўқ”, дея қўшимча қилган Эрдўған. 

Туркия Президенти Украина ва Россия ўртасидаги кескинликни орттиришга уринаётган қатор жаҳон оммавий ахборот воситалари ҳамда АҚШ ва Британия расмийларининг позициясига қўшилмаслигини билдирди. 

“Бундай позиция ёрдам бермайди, балки зарар келтиради. Бу масалада максимал хотиржамлик ва эҳтиёткор қадамлар муҳимдир. Икки томонлама масалалар Евро-Атлантика ҳамжамиятининг хавфсизлик кун тартибига айланмаслиги керак. Акс ҳолда, иккала йўналишда ҳам қурбонлар бўлади. Аммо, агар биз ички динамикани ҳисобга олган ҳолда масалаларни алоҳида кўриб чиқсак, келишмовчиликларни ҳал қилиш имконияти ортади”, дея ишонч билдирган Эрдўған. 

Унинг қайд этишича, жаҳон ҳамжамияти Донбассдаги ва Россия ва Украина чегара ҳудудидаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.  

“Умид қиламизки, минтақа тинчлик зонасидан ташқарига чиқмайди”, дейди Туркия раҳбари. 

Эрдўған Туркиянинг Украина суверенитети, сиёсий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш масаласи бўйича позицияси ўзгаришсиз қолаётганини қўшимча қилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Украина

Баҳолаганлар

360

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг