“Қўлларингдан бало ҳам келмайди”. Андижон ҳокимлиги Абдураҳмоновни хаспўшлаш учун ёлғон муносабат билдирди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг журналистларга қарата айтган “Менинг гапларимдан кавак қидирманглар. Овора бўлиб ёмонлик қидирмаларинг. Қўлларингдан бало ҳам келмайди барибир... Минг ўйлаганинг билан сочинг оқаради ёки тўкилади, холос, бошқа нарса бўлмайди” деган сўзлари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Вазиятга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси муносабат билдирди. 
 
Маълумотларга кўра, ҳоким ушбу сўзларни вилоятда ўтган “Дунё садолари” халқаро фестивали бўйича журналистлар билан Хонобод шаҳрида ўтказилган мулоқотда гапирган. Унда пойтахтдан борган бир гуруҳ марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари – журналистлар қатнашган. 

“Андижон вилояти ҳокими журналистларга қарата айтган юқоридаги сўзларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати вакили тақдим этган материалда ҳоким юқоридаги сўзларни журналистларга эмас, бошқаларга айтгани маълум қилинган. Андижон вилояти ҳокими иштирокидаги айни мулоқотда қатнашган бир қатор марказий ОАВ вакиллари эса Шуҳрат Абдураҳмонов юқорида келтирилган сўзларни журналистларга қарата айтганини тасдиқлашмоқда”, дейилади муносабатда. 

Шунингдек, “Дунё садолари” халқаро фестивалига Тошкентдан борган журналистларимиз мазкур тадбирни ёритишда ҳам баъзи тушунмовчиликлар-тўсқинликлар бўлганини айтмоқда. 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси 82-моддасида Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланганини эслатади. Барча мутасадди раҳбарларни Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу нормага ҳам қатъий амал қилишга чақиради. 

“Уюшма Андижон вилояти ҳокими билан боғлиқ юқоридаги ҳолатни қоралайди. Ўз навбатида, ушбу ҳолат бўйича тегишли органлардан қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ муносабат билдиришини сўрайди”, дейилади хабарда.   
 


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон Шуҳрат Абдураҳмонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made