Қўчқоров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Туркияга борди
Жамият
−
27 Декабрь 2023
7488Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва Молия вазири Жамшид Қўчқоров Туркияга бориб, Анқарадаги Президентлик мажмуасида вице-президент Жавдат Йилмаз билан учрашди. Бу ҳақда “Haber” газетаси ёзди.
Қўчқоров ва Йилмаз яккама-якка ва делегациялараро икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида учрашувлар ўтказди. Ушбу йиғилишлардан сўнг Туркия-Ўзбекистон қўшма иқтисодий комиссиясининг (ҚИК) 7-Давлат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вице-президент ва Бош вазир ўринбосари иштирокида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка содиқликни билдирувчи ҚИК протоколи имзоланди.
Вице-президент Жавдат Йилмаз Туркиянинг Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажми 3,5 миллиард долларга етганини қайд этган.
Мазкур тадбирлар доирасида икки давлат орасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:
Ўзбекистон Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги билан Туркия Савдо вазирлиги ўртасида саноат маҳсулотларининг мувофиқлигини баҳолаш ва стандартлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги баённома;
Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Туркия Рақобат агентлиги ўртасида рақобат сиёсати соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми;
Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси (KOSGEB) ва Ўзбекистон Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик дастури;
Самарқанд ва Кония шаҳарлари ўртасида қардош шаҳар муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим;
Самарқанд ва Ғозиантеп шаҳарлари ўртасида қардош шаҳар муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим;
Технологияни ривожлантириш маркази (TEKMER) ва Ўзбекистон Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ўртасида 2024 йилга мўлжалланган ўзаро англашув меморандуми.
Шунингдек, йиғилишда Туркия Меҳнат ва ижтимоий хавфсизлик вазири Ведат Ишикҳан, Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев ҳам иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Туркияга бориб, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қабулида бўлганди.
LiveБарчаси