Қрим ва Россия шаҳарларига йирик дрон ҳужуми уюштирилди (видео)

Олам

image

Бугун, 17 майга ўтар кечаси Россиянинг учта вилояти ва аннексия қилинган Қримга 100 дан ортиқ учувчисиз самолётлар ҳужум қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Вазирликка кўра, Қрим ҳудудида 51 та, Краснодар ўлкасида 44 та, Белгород вилоятида 6 та, Курскда эса битта камикадзе дрони уриб туширилган ёки тутиб олинган.

Краснодар ўлкасида Новороссийск ва Туапсе шаҳарлари ҳужумга учради. Вилоят губернатори Вениамин Кондратьев кечаси Новороссийскдаги ҳужум пайтида 10 дан ортиқ дрон бостирилганини ва “маҳаллий ёнғинлар юзага келганини” айтди.

Айрим Telegram-каналларнинг ёзишича, шаҳарга уюштирилган йирик ҳужум пайтида 30 дан ортиқ портлаш овозлари эшитилган.

“Тахминан эрталаб соат учдан отишма ва портлашлар эшитилди. Эрталаб соат тўртда ҳаво ҳужуми сиренаси янгради. Соат беш бўлди ва ҳали ҳам отишмалар ва портлашлар эшитилмоқда”, деган маҳаллий аҳолидан бири.

Новороссийскдаги ҳаво ҳужуми сигнали фақат соат 7:00 дан кейин бекор қилинди. Шу вақтгача жамоат транспорти ишламаган ва шаҳар аҳолисидан “на мактабга, на иш учун” уйларидан чиқмаслик сўралган. Расмийлар Новороссийскдаги ҳужумдан мақсад нима эканлигини айтишмаган. “Астра” Telegram каналининг даъво қилишича, портлашлардан кейин порт қувватсизланган.

Краснодар ўлкасининг Қора денгиз бўйидаги яна бир шаҳрида учувчисиз самолётлар бир неча бор нишонга олинган Туапсе нефтни қайта ишлаш заводига, шунингдек, Россиядаги бошқа нефтни қайта ишлаш объектларига ҳужум қилди. Гувоҳлар дрон ҳалокати ва завод ҳудудида содир бўлган ёнғин акс этган видеони суратга олишган.

“Ҳаммаси бўлиб иккита дрон бор эди, улардан бири қулаши натижасида нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ёнғин содир бўлди, қурбонлар йўқ. Ёнғин ўраб олинди, аммо ҳали ўчирилмаган”, деб хабар берди расмий маъмуриятнинг тезкор штаби.

Губернатор Михаил Развожаэвнинг баёнотига кўра, аннексия қилинган Севастополда мактаблар ва болалар боғчаларида дарслар электр таъминотидаги узилишлар туфайли бекор қилинди, чунки Севастополь подстансияси шаҳарга қилинган оммавий ҳужумдан сўнг шикастланган эди. Таъмирлаш камида бир кун давом этади.

“Белгород яқинида жойлашган Октябрский қишлоғида бир аёл ва унинг тўрт ёшли ўғли ҳалок бўлди. Камикадзе дрон ҳайдовчи ва уч нафар йўловчи бўлган машинага ҳужум қилган”, деган губернатор Вячеслав Гладков. 

Украина томони бу баёнотларга расман изоҳ бермади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Қрим дрон ҳужуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг