Қрим кўприги яқинида Россия танкерига дрон ҳужум қилди
Олам
−
05 Август 2023
7786Россиянинг “Транспетрочарт” юк ташиш компаниясига қарашли “Сиг” танкери Қрим кўприги яқинида, Керчь бўғозида дрон ҳужумига учради. Оқибатда двигатель хонаси ҳудудида тешик пайдо бўлди. Бу ҳақда бугун, 5 август куни “Ведемости” нашри хабар берди.
Айтилишича, кеча, 4 август куни 23:20 да кемага ҳужум бўлган. Маълумотларга кўра, кема экипажи 11 кишидан иборат бўлиб, ҳеч ким жабрланмаган.
Россиядан тайинланган Қрим раҳбарининг маслаҳатчиси Олег Крючков ўзининг Telegram-каналида Керчь аҳолиси эшитган баланд товушларнинг Қрим кўпригига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилган.
“Қрим кўпригига тўғридан-тўғри ҳужумлар ва унинг ҳудудида портлашлар содир бўлгани йўқ. Қрим расмийлари Керчь бўғози ва анкерлар учун жавобгар эмас. Биз Қора денгиз ва бўғоздаги вазиятни изоҳлай олмаймиз. Тушунганингиз учун раҳмат”, деб ёзган Крючков.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 август куни Қримдаги ҳарбий аэродром яқинида кучли портлаш содир бўлганди.