Қозоғистонлик аёлларга хорижликлар учун суррогат оналик тақиқланиши мумкин

Олам

image

Қозоғистонда чет эллик фуқароларга қозоқ фуқароси суррогат она бўлиши тақиқланиши  мумкин. Эндиликда қозоқ аёллари фақат ўз юртдошлари учун суррогат она бўлиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 17 декабрь куни Қозоғистон парламенти қуйи палатаси ялпи мажлисида депутат Гулдора Нурим таклиф билдириб, эндиликда қатъийроқ чора кўриш зарурлигини билдирган. 

"Ҳозирги мўътадил ҳуқуқий ёндашув Қозоғистонни “репродуктив туризм” учун жозибадор қилмоқда. Чунки қўшни мамлакатларнинг кўпчилигида (Россия, Хитой), шунингдек, айрим ривожланган давлатларда (Германия, Франция) суррогат оналик тўлиқ тақиқланган ёки қатъий чекловлар мавжуд”, дея фикр билдирган депутат Гулдора Нурим.

Молиявий қийинчиликлар сабабли кўплаб ёш аёлларни суррогат оналик дастурларига жалб этиш янги туғилган чақалоқдан ажралиш билан боғлиқ салбий психологик оқибатлар ва жароҳатлар хавфини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, боланинг фуқаролиги ва ота-оналикни белгилаш масалалари фақат маҳкама орқали ҳал этилмоқда. 

“Катта миқдордаги молиявий маблағларнинг айланиши болаларнинг “товар”га айланиб қолиш хавфини кучайтиради, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини эксплуатация қилиш эса инсон савдосининг янги шакли сифатида баҳоланиши мумкин”, дея қўшимча қилди депутат.

Ўзбекистон қонунчилигида суррогат оналик ҳақида ҳеч гап йўқ, аммо қонуности ҳужжатларида бу ҳолат “одам савдоси”га тенглаштирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралда қабул қилинган “Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражадаги қайта йўналтириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори иловасида “суррогат она сифатида фойдаланиш”  эксплуатация турларидан бири сифатида келтирилган. Яъни, суррогат оналик амалда одам савдосига тенглаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Суррогат она

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг