Қозоғистондаги талатўпларда қайси гуруҳ радикаллари қатнашган?
Олам
−
27 Январь 2022
9209Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар кунларида жиноят содир этганликда гумон қилиниб ҳибсга олинганлар орасида радикал гуруҳ аъзолари ҳам бор. Бу ҳақда “Хабар” давлат телеканали эфирида намойиш этилган “Фожиали январь. Бу қандай бўлди?” ҳужжатли фильмида айтилган.
“Қўлга олинганлар орасида “Йакин Инкар” радикал ячейкаси тарафдорлари ҳам бор. Улардан қурол-яроғ, гранаталар, патронлар, диний рисолалар ва адабиётлар мусодара қилинди”, дейилган фильмда.
“Йакин Инкар” Нур-Султон шаҳар Есил туман судининг 2018 йил 10 октябрдаги қарори билан экстремистик деб топилиб, мамлакат ҳудудида фаолияти тақиқланган.
Қозоғистон Бош прокуратурасига кўра, “Йакин Инкар” Қозоғистонда фаолияти тақиқланган “Таблиғи жамоат” экстремистик ташкилотининг қаноти ҳисобланади.
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, жангарилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь