Қозоғистондаги сайловда катта фарқ билан Тоқаевнинг қўли баланд келяпти
Олам
−
10 Июнь 2019
3357Хабарингиз бор, кеча, 9 июнь куни Қозоғистонда навбатдан ташқари Президент сайлови бўлиб ўтди. Унда 7 номзод – Қосим-Жомарт Тоқаев, Жамбил Ахметбеков, Дания Еспаева, Толеутай Раҳимбеков, Амиржан Косанов, Садибек Тугел ва Амангелди Таспихов Президентликка кураш олиб борди. Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясидан маълум қилинишича, сайловда овоз берувчиларнинг 77,4 фоизи иштирок этган. Овоз бериш жараёни 9 июнь, якшанба куни соат 06:00 да бошланиб, соат 20:00 да, Ғарбий Қозоғистоннинг бешта вилоятида вақт фарқлари билан соат 21:00 да якунига етди.
“Қоғамдық пікір” институти Президент сайловининг экзит-пол натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, умумий сайловчилар берган овозларнинг 70,13 фоизи Қосим-Жомарт Тоқаевга, 15,39 фоизи Амиржан Косановга, 5,32 фоизи Дания Еспаевага, 3,86 фоизи Жамбил Ахметбековга, 3,03 фоизи Толеутай Раҳимбековга, 1,41 фоизи Амангелди Таспиховга, 0,86 фоизи Садибек Тугелга тегишли.
Бундан кўриниб турибдики, сайловда катта фарқ билан мамлакатнинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг қўли баланд келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатни 30 йилга яқин муддат бошқариб келган Нурсултон Назарбоев жорий йилнинг 20 март куни Президентлик лавозимидан истеъфо олгач, ваколатларини Сенат раиси Қосим-Жомарт Тоқаевга топширган эди.
Маълумот ўрнида, Қосим-Жомарт Тоқев 1953 йилнинг 17 май куни Олма-ота шаҳрида таваллуд топган. У 2013 йилдан 2019 йилнинг март ойига қадар Қозоғистон Республикаси Сенати раиси лавозимида фаолият юритган.
LiveБарчаси