Қозоғистонда йирик дашт ёнғини кузатилмоқда. Қурбон бор (видео)

Олам

image

Қозоғистоннинг Қарағанда ва Павлодар вилоятларида йирик дашт ёнғини кузатилмоқда. Уни ўчириш учун 600 дан ортиқ одам жалб қилинган. Ёнғин билан кураш чоғида бир киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беради.

Қайд этилишича, олов билан курашиш кучли шамол, тоғли ҳудуд ва унинг ўчоғига яқинлашиш йўлларининг йўқлиги сабаб мураккаблашмоқда. Ҳозирги вақтда ёнғинни ўчириш ишларига 609 киши ва 110 дона техника, Қарағанда, Павлодар вилоятлари, Остона шаҳри Фавқулодда вазиятлар департаментлари ва маҳаллий ижро органларига тегишли бешта дрон, Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда "Баянаул" миллий боғи жалб қилинган. Шунингдек, “Казавиаспас”нинг тўрт ҳаво кемаси ва Мудофаа вазирлигига қарашли учувчисиз самолётлардан фойдаланилмоқда.

Қарағанди вилоятининг Теркти қишлоғи ва Павлодар вилоятининг Желтау қишлоғида дала штаблари ташкил этилган. Ишлар ер ва ҳаво транспорти орқали олиб борилмоқда.

Билдирилишича, 12 та жанговар участка белгиланган. Вилоятлар Фавқулодда вазиятлар департаменти ва ФВВнинг бошқарув марказида оператив штаблар фаолият кўрсатмоқда. Ҳаво кемалари ёрдамида ёнғинга 22 тонна сув сепилган, 15 та сув сепиш амалиёти амалга оширилган.

Маълум қилинишича, Қарағанда вилоятининг Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ахборот ва психологик ёрдам кўрсатиш учун ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган.

Кеча, 6 октябрь куни Қарағанда ва Павлодар вилоятларида ёнғин оқибатида тўрт киши куйиш жароҳати олган. Ёнғинни ўчириш чоғида 33 ёшли катта ўт ўчирувчи-қутқарувчи ҳалок бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин майдони 6 минг гектарга етган. ФВВ маҳаллий аҳолини эвакуация қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Португалиянинг марказий ва шимолий ҳудудларида камида 15 та ёнғин содир бўлиши оқибатида 800 дан ортиқ ўт ўчирувчи  машиналар ёнғин билан курашиш учун жалб қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Қарағанда дашт ёнғини Павлодар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг