Қозоғистонда “Вагнер” рамзлари ва “Z”,“V” белгиларини тақиқлаш таклиф қилинмоқда
Олам
−
05 Август 2023 3919 2 дақиқа
Қозоғистонда этносиёсатлаштирилган рамзларни сотиш, тарқатиш ва фойдаланишни қонунчилик билан тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Айтилишича, давлат органлари томонидан Бош прокуратура иштирокида савдо тармоқларида этносиёсий тимсоллар туширилган товарлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида қонуний асослар ишлаб чиқилмоқда. Бундай тимсолларга мисол тариқасида “Вагнер”, “Курд ишчилар партияси” ва “Шарқий Туркистон” каби ташкилотларнинг белгилари келтирилмоқда.
“Амалиёт шуни кўрсатадики, турли этник гуруҳларнинг алоҳида вакиллари жамоат майдонида этник рамзларни, шу жумладан тарихий келиб чиққан мамлакатлари билан боғлиқ бўлган белгиларни намойиш этадилар. Шундай қилиб, 2022 йилда Россия-Украина можароси бошланиши муносабати билан Қозоғистонда кийим-кечак, ўйинчоқлар, “Z” ёки “V” белгилари бўлган транспорт воситалари намойиши тез-тез учради. Чакана савдо тармоқларида турли номлар остида, хусусан, “Россия армияси”, “Одобли одамлар” каби ўйинчоқ маҳсулотларини сотиш ва реклама қилиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, бу жамиятда турлича реакцияга сабаб бўлди “, дейди Семей прокуратурасининг жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими прокурори Куат Бапинов.
Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳукуматга қуролли тўқнашувларда, бошқа давлатларнинг суверенитети ва сиёсий режимига қарши ҳарбий ёки бошқа зўравонлик ҳаракатларида уришаётганлар томонидан қўлланиладиган атрибутлар, рамзлар, белгиларни тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш, ташиш ва мамлакатга тарқатишни қонуний равишда тақиқлаш ҳамда маъмурий жавобгарлик белгилаш бўйича таклиф юборган.
“Қозоғистон Республикаси ҳудудида тарқатилиши ва қўлланилиши тақиқланган этносиёсатлаштирилган рамзларни ва маҳсулотлар сотиш тақиқини қонун нормасига киритиш масаласини давлат назоратига олиш ваколатли орган – Савдо ва интеграция вазирлигига топшириш таклиф қилинмоқда”, дея қайд этади “Атамекен” тадбиркорлар палатаси.