Қозоғистонда Ўзбекистон байроғи акс этган номақбул баннер кўтарган қизлар жазоланди
Спорт
−
11:12 27791 2 дақиқа
Ақтобе полицияси “Ақтобе” ва “Ордабаси” жамоалари ўртасидаги футбол учрашувида Ўзбекистон байроғи тасвирланган баннерни кўтарган қизларнинг шахсини аниқлади. Улар вояга етмаган бўлгани сабабли ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят полиция департаменти хабар берди.
Департаментнинг расмий Instagram саҳифасида маълум қилинишича, полиция ходимлари ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиш жараёнида “Ақтўбе” ва “Ордабаси” жамоалари ўртасидаги футбол учрашувида вояга етмаган қизлар салбий мазмундаги баннерни намойиш этаётгани акс этган постни аниқлаган.
Аввалроқ, “Ақтобе” ва “Ордабаси” учрашув давомида трибунада Ўзбекистон байроғига ўхшаш дизайндаги, “SHYMSIDE YO‘Q, TEXAS MUXLISLARI YO‘Q!” деган ёзув туширилган баннер кўтарилган. Ўйиндан сўнг эса мухлислар “Ўзбеклар!” дея ҳайқирган.
Адвокат ушбу ҳолат юзасидан этник нафратни қўзғатиш бўйича иш очишни ва клубни мусобақадан дисквалификация қилишни талаб қилганди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари қизларнинг шахсини аниқлаб, улар билан ота-оналари иштирокида профилактик суҳбат ўтказган. Ота-оналар эса фарзандлар тарбияси бўйича мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
“Вояга етмаганлар ўз ҳаракатларининг номақбул эканини англаб етди”, дея маълум қилган Ақтобе вилояти полиция департаменти.
Полиция ота-оналарни фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратишга, уларга жамоат жойларида ўзини тутиш қоидалари ҳамда қонунбузарликлар учун белгиланган жавобгарликни тушунтиришга чақирган.
Маълумот учун, 2026 йилги Қозоғистон Премьер-лигаси доирасида “Ордабаси” ва “Ақтобе” жамоалари ўртасидаги учрашув 17 октябрь куни Ақтобе марказий стадионида бўлиб ўтган. Баҳс “Ордабаси”нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.
Live
Барчаси