Қозоғистонда парвоздаги вертолёт йўқолиб қолди
Олам
−
25 Июль 6369 2 дақиқа
Бугун, 25 июль куни Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида EC-145 ҳарбий вертолёти радарлардан йўқолиб қолди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мамлакат Қуролли кучлари ҳаво мудофаасига тегишли EC-145 вертолёти Олмаота вилоятида радар экранидан йўқолиб қолган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бортда уч нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳодиса жойига Мудофаа вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар департаментининг куч ва воситалари жалб қилиниб, қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Қозоғистон Мудофаа вазирининг топшириғига биноан, ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида махсус комиссия юборилган.
Маълумот учун, EC-145 вертолёти – Франция ва Германияда жойлашган Airbus Helicopters компанияси томонидан ишлаб чиқарилган икки двигателли кўп мақсадли вертолётдир. У дастлаб 1999 йилда парвоз қилган ва 2002 йилдан бошлаб тижоратда фойдаланила бошланган. Ушбу вертолёт фуқаролик ва ҳарбий мақсадларда кенг қўлланади. У оғир юкларни кўтаришга, фавқулодда вазиятларда тиббий эвакуация қилишга, патруллик ва қидирув-қутқарув ишларига, шунингдек, полиция ва хавфсизлик хизматлари томонидан фойдаланишга мўлжалланган. EC-145 замонавий навигация тизимлари билан жиҳозланган, икки учувчили бошқарувга эга бўлиб, 8–10 нафаргача йўловчини олиб юриши мумкин. Унинг максимал тезлиги соатига тахминан 268 километр бўлиб, бир марта ёқилғи билан 680 километргача учиши мумкин. Ҳарбий версияси H145M деб юритилади ва бу модель қуролли кучлар учун мослаштирилган бўлиб, замонавий алоқа воситалари, инфрақизил кузатув, ҳамда қуролланиш имкониятларига эга. Ҳозирда бу вертолётлар кўплаб давлатлар, жумладан Қозоғистон томонидан ҳам ҳарбий ва қутқарув мақсадларида фойдаланилади. Қозоғистонда ушбу вертолётлар Airbus Helicopters Kazakhstan Engineering заводи орқали йиғилади ва техник хизмат кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Хабаровск ўлкасида “Взлет” авиакомпаниясига тегишли Mi-8T вертолёти бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилганди. Бортда 5 киши бўлган. Уларнинг 3 нафари экипаж аъзоси ва 2 нафари техник мутахассислар саналади. Вертолёт Охотск аҳоли пунктидан ҳавога кўтарилган ва Магаданга етиб бориши керак бўлган. Бироқ белгиланган вақтда экипаж билан алоқа узилган.