Қозоғистонда намойишдан кейин қанча одам қамоққа олингани айтилди

Олам

image

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда юз берган тартибсизликлардан кейин 2700 дан ортиқ жиноий иш бўйича тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда бугун, 4 февраль куни бўлиб ўтган брифингда Республика Бош прокуратураси биринчи хизмати бошлиғи ўринбосари Елдос Қилимжонов маълум қилган. 

"4 февраль ҳолатига кўра, тергов-тезкор гуруҳлари томонидан 2750 та жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Ушбу ҳолатлар бўйича 802 нафар гумонланувчи суд қарори билан қамоққа олинган. Улардан 113 нафари қотиллик, ўғирлик, талончилик жиноятлари учун судланган”, дейди Қилимжонов. 

Гумон қилинувчилар орасида радикал диний оқим тарафдорлари ҳам борлиги айтилмоқда.

Унинг таъкидлашича, 91 нафар шахсга нисбатан жамиятдан қаттиқ изоляция қилиш билан боғлиқ бўлмаган профилактика чоралари қўлланилган.  

"Алоҳида эътибор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги аризаларни текширишга қаратилмоқда. Бугунги кунга қадар прокуратура органларига терговнинг ноқонуний усулларидан фойдаланиш, ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари юзасидан 148 та мурожаат келиб тушган. 105 та ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган”, дея тушунтирди Бош прокуратура вакили.

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.  

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.  

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг