Қозоғистонда коррупцион ҳолат ҳақида хабар берганлар катта миқдорда мукофотланади
Олам
−
24 Февраль 2025 2361 2 дақиқа
Қозоғистон Антикоррупция агентлиги фуқаролар учун WhatsApp чат-ботини ишга туширди – унда қозоғистонликлар коррупция ҳолатлари ҳақида мессенжер орқали хабар бериб, 15,7 млн тенге (403 млн сўм) мукофот олиши мумкин. Бу ҳақда Антикор вакилларига таяниб, “Казинформ” хабар берди.
Қайд этилишича, коррупцияга қарши маданиятни шакллантириш, коррупцияга нисбатан ноль бағрикенгликни тарғиб қилиш ҳамда фуқаролик фаоллигини ошириш мақсадида Антикоррупция агентлиги коррупция ҳақида тезкор хабар бериш учун янги воситани жорий қилмоқда.
“Энди ҳар бир фуқаро коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериши ёки коррупцияга қарши кураш масалалари бўйича маслаҳат олиши мумкин. Бунинг учун шунчаки 8 777 000 1424 рақамига WhatsApp орқали хабар юбориш кифоя”, дея тушунтирди Антикор вакиллари.
Билдирилишича, WhatsApp чат-боти Антикор 1424 орқали коррупция ҳолати ҳақида хабар бериш, коррупцияга қарши кураш бўйича маслаҳат олиш мумкин. Шунингдек, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ишончли маълумот берган шахсларга 15,7 миллион тенгагача мукофот берилиши назарда тутилган.
“Биз мурожаатларнинг тўлиқ махфийлигини кафолатлаймиз. Барча хабарлар, албатта, кўриб чиқилади ва ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, амалдаги қонунчилик доирасида чора кўрилади. Бироқ ёлғон коррупция хабарлари учун жиноий жавобгарлик борлигини эслатиб ўтамиз”, дейди идора вакиллари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Transparency International” коррупцияга қарши кураш ташкилотининг “Коррупцияни аниқлаш” индекси эълон қилинганди. Унда Қозоғистондан ташқари барча Марказий Осиё мамлакатлари 1 балл йўқотган, Қозоғистон эса 1 баллга ўсган ва 180 мамлакат ичида 88-ўринни банд этган. Бу эса Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич. Ўзбекистон эса ушбу рейтингда 121-ўринни эгаллаган.
Live
Барчаси