Халқаро коррупция индексида Ўзбекистоннинг аҳволи ёмонлашди
Бу қизиқ
−
19 Февраль
6800Ўзбекистон 2024 йилда 180 мамлакат ўрин олган коррупция бўйича рейтингда 121-ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Transparency International” коррупцияга қарши кураш ташкилотининг “Коррупцияни аниқлаш” индексида келтирилган.
Индекс натижаларига кўра, Ўзбекистон 100 баллдан 32 балл тўплаган ва Ангола, Эквадор, Кения, Шри-Ланка ва Тобо каби давлатлар билан 121-ўринни қайд этган. Солиштириш учун, 2023 йилда Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича 33 балл олган эди, бироқ мамлакатлар ўртасида бу йилгидек 121-ўринда қайд этилган.
Таққослаш учун бошқа Марказий Осиё мамлакатлари кўрсаткичи:
- Тожикистон – 19 балл (164-ўрин);
- Қирғизистон – 25 балл (146-ўрин);
- Ўзбекистон – 32 балл (121-ўрин);
- Қозоғистон – 40 балл (88-ўрин).
Бунда Қозоғистондан ташқари барча Марказий Осиё мамлакатлари 1 балл йўқотган, Қозоғистон эса 1 баллга ўсган. Туркия, Озарбайжон ва Шарқий Европа мамлакатларининг аксариятида ҳам кўрсаткичлар 1 баллга пасайган ёки ўзгармаган. Беларусь ва Россия эса 2023 йилга нисбатан 4 балл йўқотган.
Минтақадаги энг яхши натижани қайд этган давлатлар:
- Грузия – 53 балл (53-ўрин);
- Арманистон – 47 балл (63-ўрин);
- Черногория – 46 балл (65-ўрин).
Ушбу рейтингда энг яхши кўрсаткич – 100 дан 90 балл билан Дания етакчилик қилмоқда. 2-ўринда Финляндия (88 балл) ва Сингапур (84 балл) қайд этилган. Энг кам – 8 балл билан Жанубий Судан рейтингнинг энг қуйи қисмидан ўрин олган.
Маълумот учун, “Коррупцияни аниқлаш” индекси бўйича натижалар жамоат секторидаги коррупция даражасини баҳолайди ва 180 мамлакат ҳамда ҳудудни қамраб олади. Баҳолаш 0 дан 100 гача бўлган шкалада амалга оширилади.
Бунда:
- 0 балл – юқори даражадаги коррупция;
- 100 балл – коррупциядан холи тизим деган маънони англатади.
2012 йилдан бери атиги 32 давлат коррупция даражасини сезиларли даражада пасайтиришга муваффақ бўлди. Бироқ шу давр ичида 148 давлатнинг натижалари ўзгаришсиз қолган ёки ёмонлашган. Шунингдек, жаҳон бўйича ўртача кўрсаткич 43 баллни ташкил этиб, йиллар давомида деярли ўзгармаган. Бундан ташқари, кўпчилик мамлакатлар 50 баллдан паст натижа кўрсатмоқда, яъни коррупция муаммоси кенг тарқалган.
“Бу йилги “Коррупцияни аниқлаш” индекси натижалари шуни кўрсатмоқдаки, глобал коррупцияга қарши курашни энди реал ҳаракатлар билан таъминлаш лозим. Агар ҳозирдан жиддий чоралар кўрилмаса, бу таҳдид янада чуқурлашиши мумкин”, дейди “Transparency International” раиси Франсуа Валериан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон халқаро жиноятчилик ва хавфсизлик бўйича индексда ҳам 147 мамлакат орасида 121-ўринда қайд этилган эди. Рейтингда мамлакатлар жиноятчилик ва хавфсизлик даражаси 0 дан 100 гача бўлган шкалада ўлчанган ва Ўзбекистонда жиноят кўрсаткичи 27.9, хавфсизлик кўрсаткичи эса 72.1 шкалада баҳоланган. Бу эса Ўзбекистон учун Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг ижобий ҳолатни англатади. Ушбу рейтингда Қозоғистон 77-, Қирғизистон 39- ва Афғонистон 4-ўринда қайд этилган. Тожикистон ва Туркманистон ҳақида маълумотлар келтирилмаган.
LiveБарчаси