Қозоғистонда кон қулаши оқибатида 7 ишчи ҳалок бўлди
Олам
−
18 Февраль
1756Қозоғистоннинг Улитау шаҳрида жойлашган “Жомарт” конидаги фожиа оқибатида коннинг етти ишчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда конга эгалик қилувчи Kazakhmys холдинги хабар берди.
Таъкидланишича, конда тош қулаши содир бўлган. Ҳодиса оқибатида етти киши вайроналар остида қолган. Кабеллар узилиб қолгани сабабли ишчилар билан алоқа бўлмаган.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотни тасдиқлади. Бошқарма ходимлари томонидан фавқулодда вазиятларда қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Воқеа жойига Улитау ва Қарағанда вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг куч ва воситалари, жумладан кинологлар, Табиий офатлар тиббиёти маркази ходимлари ва Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги психологлари юборилган.
Бугун, 18 февраль куни тонгда холдинг дастлабки маълумотларга кўра, Kazakhmys конлари учун хос бўлмаган табиий газ портлаши содир бўлганини маълум қилди. Воқеа сабаблари ва ҳолатлари аниқланмоқда. Фожиани текшириш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилди.
Фавқулодда хизматлар олти ишчининг жасадини топган. Еттинчи ишчини қидириш ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг октябрь ойида Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги “Саяк-3” конида углерод оксиди чиқиши оқибатида икки ишчи ҳалок бўлганди. Ушбу кон ҳам Kazakhmys гуруҳига қарашли эди.
LiveБарчаси