Қозоғистонда Хитойга қарши намойиш ўтказилди
Олам
−
22 Сентябрь 2019
8188Кеча, 21 сентябрь куни Қозоғистондаги икки йирик шаҳар – Нур-Султон ва Олма-отада Хитойнинг иқтисодий экспансиясига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, полиция 57 кишини қўлга олган.
BBC маълумотига кўра, қўшни Хитой Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги ва инвестори ҳисобланади. Бироқ Хитойнинг баъзи ишлаб чиқариш кучлари ва заводларини Қозоғистонга кўчириш режаси мамлакат аҳолисининг бир қисми томонидан норозилик билан қарши олинди.
Норозиликларда иштирок этишга қувғиндаги қозоқ банкири Мухтор Аблязов чақирган. У ҳозирда Францияда яшайди. Аблязов Қозоғистон мухолифатининг кўзга кўринган шахсларидан ҳисобланади. У Қозоғистонни 2009 йилда тарк этган. 2017 йилда Олма-ота суди уни жиноий гуруҳ тузиш ва банк маблағларини ўғирлашда айбдор деб топиб, сиртдан 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.
Кеча, 21 сентябрь куни йирик шаҳарларда қўлга олишлар деярли бир вақтда соат 14:00 да бошланган. Нур-Султон ва Олма-отада 57 киши ҳибсга олинган. ИИВ қўлга олинганлар ҳақида қуйидагича фикр билдирган:
“Бир неча марта прокуратура томонидан огоҳлантириш бўлганига қарамасдан, айрим фуқаролар тақиқланган экстремистик ташкилот чақириқларига учишди.”
Бу Қозоғистондаги биринчи антихитой намойишлари эмас. Мамлакатда Хитой билан қўшма корхона қуришга қарши намойишлар сентябрь ойи бошида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Пекинга ташрифи олдидан ҳам ўтказилганди. Бир ҳафта ўтиб эса шундай талаб билан чиққан ўнлаб инсонлар маъмурий жавобгарликка тортилган ва 15 суткага қамалган.
LiveБарчаси