Қозоғистонда қуролли экстремистик гуруҳ қўлга олинди (видео)
Олам
−
10 Март 2025 7019 1 дақиқа
Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида диний адоват қўзғатиш ва экстремистик материаллар тарқатишда гумон қилинган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлигининг экстремизмга қарши кураш бўлинмаси ходимлари Миллий хавфсизлик қўмитаси билан ҳамкорликда Мақтаарал тумани аҳолиси орасидан шаклланган диний радикаллар гуруҳининг фаолиятига чек қўйган.
“Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчилар радикал диний эътиқод асосида гуруҳга бирлашгани аниқланди. Улар ижтимоий тармоқларда бошқа конфессия вакилларининг қадр-қимматини камситувчи ва диний ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи чиқишлар жойлаштириб келган. Ўз эътиқодларини асослаш учун илгари суд томонидан экстремистик деб топилган аудио ва видеоматериалларни аҳолига тарқатишган”, дейилади ИИВ баёнотида.
Суд қарорига кўра, гуруҳ етакчилари ҳибсга олинган.
“Гумонланувчиларнинг яшаш ва иш жойларида ўтказилган тинтувлар чоғида 20 дан ортиқ диний адабиёт, наркотик моддалар, ноқонуний сақланган қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ҳамда бошқа моддий далиллар топилиб, мусодара қилинди”, дейилади расмий маълумотда.
Билдирилишича, ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда амалдорлар, махсус хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши терактлар содир этишни режалаштирган террорчилик тузилмасининг 30 нафар аъзоси қўлга олинган эди.
Live
Барчаси