Қозоғистонда бир аёл калтакланиб ўлдирилди. Қотилликда собиқ вазир гумонланмоқда
Олам
−
10 Ноябрь 2023
11323Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этди. Бу ҳақда шаҳар полиция бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ташриф буюрувчилар ўртасида жанжал келиб чиққан, оқибатда аёл тан жароҳатлари туфайли вафот этган. Гумонланувчи қўлга олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддаси “судгача бўлган тергов маълумотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги”га мувофиқ, ушбу жиноий иш бўйича бошқа маълумотларни тақдим этишнинг иложи йўқ”, дейилади Остона полиция бошқармаси хабарида.
Шу билан бирга, қатор оммавий ахборот воситалари Қозоғистон Республикасининг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўз рафиқасини ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.
Полиция гумонланувчи ва марҳумнинг шахсига аниқлик киритмаган.
“9 ноябрь куни соат 19:54 да шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг бошқарув пультига қўнғироқ келиб тушди. Тез ёрдам бригадаси етиб келгач, 1992 йилда туғилган аёлнинг ўлими тасдиқланди”, дейилади Остона Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.
“Orda.kz” нашрининг ёзишича, ўлдирилган аёл Салтанат Нукенова бўлиб, у собиқ вазирнинг иккинчи хотинидир.
“Мутахассислар томонидан текширилганда, марҳум Нукенованинг танасида пичоқ жароҳатлари излари топилмади. Фақат тананинг юмшоқ тўқималарининг гематомалари, шунингдек, бош соҳасида жароҳатлар топилди. Тахминларга кўра, бошига тўмтоқ буюм билан берилган кучли зарба унинг ўлимига олиб келган”, деб ёзади “Orda.kz” ўз исмини айтишни истамаган остоналик суд-тиббиёт экспертига таяниб.
Нашрнинг хабар беришича, гумонланувчи Бишимбаев маст бўлган.
“Қўлга олинган Куандик Бишимбаевнинг хотинини калтаклаб ўлдирганига келсак, у маст бўлган. Аммо у қандай моддалар – алкоголь ёки гиёҳвандлик таъсирида бўлганлиги экспертиза натижаларига кўра аниқланади. Жиноят жойида пичоқ бўлган, бироқ аввал хабар берганимиздек, полиция етиб келганида Бишимбаев пичоқ билан ўзини ўлдириш билан таҳдид қилган”, дейилади нашр мақоласида.
43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғирликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
LiveБарчаси