Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдумнинг якуний натижалари эълон қилинди
Олам
−
08 Октябрь
5142Қозоғистон Марказий референдум комиссияси (Марказий сайлов комиссияси) атом электр станцияси (АЭС) бўйича референдумнинг якуний натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда комиссия раҳбари Нурлан Абдировга таяниб, “Tengrinews.kz” хабар берди.
Нурлан Абдировнинг маълум қилишича, овоз бериш натижалари қуйидагича: 5 561 937 ёки 71,12 фоиз фуқаро “ҳа” деб овоз берган, 2 045 271 фуқаро “қарши” овоз берган (қарши овоз берган фуқароларнинг фоиз миқдорини комиссия ошкор қилмаган).
Референдумда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролардан 7 820 204 киши ёки 63,66 фоизи овоз берган.
Яроқсиз деб топилган бюллетенлар сони 130 267 тани ташкил этган. Қозоғистонликлар иккала жавоб вариантини белгилаган, бюллетенлар эса яроқли деб ҳисобланган, бироқ овозларни ҳисоблашда инобатга олинмаган. Бундай бюллетенлар сони 82 729 тани ташкил этади.
Қайд этилишича, референдумда қабул қилинган қарор унинг натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради. Қарор Қозоғистон ҳудудида мажбурий кучга эга ва уни тасдиқлаш учун ҳеч қандай қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмайди.
“Шундай қилиб, Қозоғистонликлар 2024 йил 6 октябрда ўтказилган референдумда давлат ҳаётидаги муҳим масала бўйича, яъни Қозоғистонда АЭС қурилиши масаласида ижобий қарор қабул қилиб, ўз танловини қилди”, дейди Нурлан Абдиров.
Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси