Қозоғистонда 15 нафар блогер қарийб 2 млрд сўм солиқ тўлади

Олам

image

Қозоғистонда блогерлар тегишли билдиришномалар олганидан сўнг давлатга 75 миллион тенге (қарийб 2 млрд сўм) солиқ тўлади. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Серик Жумангарин маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда йирик бизнес кўпинча солиқлардан бўйин товлаш ёки уларни минимал даражага тушириш учун турли схемалардан фойдаланади. Аммо бу борада тартиб ўрнатиш ишлари бошланган ва солиқ органлари зарур чораларни кўрмоқда.

“Иш олиб борилмоқда, сиз буни кўриб турибсиз, аммо мен ҳозирча изоҳ бермайман. Тегишли билдиришномалар аллақачон берилган ва буларнинг барчаси назорат асосида амалга оширилган. Бу солиқ қўмитасининг доимий иши. Фақат бу сафар биз унинг муайян қисмини – ички томонини сизга кўрсатдик”, деди Бош вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, бу солиқчиларни бюджет учун қўшимча даромад манбаларини изламаётганликда айблаётган танқидлар билан боғлиқ.

“Мен шунчаки солиқ қўмитаси ишлаётганини айтмоқчиман. Бу сафар айрим жиҳатлар сиз учун ошкор қилинди, жумладан блогерлар билан боғлиқ масалалар ҳам. 15 блогерга аллақачон 1,5 миллиард тенге миқдорида солиқ ҳисобланди ва 75 миллион тенге бюджетга тўланди. Йирик солиқ тўловчилар ва қурилиш компаниялари масаласига келсак, бу солиқ қўмитасининг қандай ишлашига мисоллардан бири холос. Аслида эса бундай ҳолатлар жуда кўп”, дейди Жумангарин.

Қайд этилишича, бунгача Давлат даромадлари қўмитаси Қозоғистон блогерлари томонидан даромадлар камайтириб кўрсатилган ҳолатларни аниқлаган – солиқ тафовутлари 594 шахс бўйича 53,3 миллиард тенге миқдорида қайд этилган. Қарздорликни қоплаш ёки асослантирилган тушунтириш тақдим этиш учун уларга 30 кун муҳлат берилган.

Кейинчалик, Давлат даромадлари қўмитаси илгари 93 қозоғистонлик блогерга юборилган 169 та билдиришномани қайтариб олганини эълон қилган. Бунга техник хато сабаб бўлгани аниқланган.

Жорий йилнинг 27 февраль ҳолатига кўра, билдиришнома олган 594 блогердан 12 нафари даромадлар бўйича қўшимча солиқ декларациясини тақдим этган – умумий даромад суммаси 1,4 миллиард тенге, тўланган солиқ эса 74 миллион тенгени ташкил қилган.

28 февраль куни Давлат даромадлари қўмитаси Қозоғистоннинг қанча блогери солиқ идорасидан билдиришнома олганини маълум қилган. Ўша вақтга келиб, 854 блогерга 71,9 миллиард тенге миқдоридаги “даромадларни камайтириш” қонунбузарлиги бўйича назорат билдиришномалари юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ блогер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг