Қозоғистонда “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” террорчилар рўйхатига киритилмагани айтилди

Олам

image

Сурияда собиқ ҳукумат кучларига қарши ҳужумларда иштирок этган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи Қозоғистоннинг тақиқланган террорчилик ташкилотлари миллий рўйхатига киритилмаган. Аммо бу ташкилотни Сурия ҳукумати сифатида тан олиш масаласи ҳали кун тартибида эмас. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Бақоев BES.media нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Бу ташкилот Қозоғистоннинг террорчилик ташкилотлари миллий рўйхатига кирмайди. Бизнинг қарорларимиз, аввало, ўзимизнинг таҳлилимизга ва шубҳасиз БМТ доирасида қабул қилинадиган қарорларга асосланади. Шунинг учун, ҳозирча бу масалада бирор нарса дейишга эрта. Биз Суриядаги вазиятни ва умуман Яқин Шарқдаги ҳолатни ўрганиш босқичидамиз”, деди у.

Бақоевнинг қўшимча қилишича, у Қозоғистон фуқароларининг “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” таркибига аъзо бўлгани ҳақида маълумотга эга эмас. Шунингдек, у ҳозирги Афғонистондаги муваққат ҳукумат –“Толибон” ҳаракатининг (Қозоғистонда аввал тақиқланган) террорчилик ташкилотлари миллий рўйхатидан чиқарилиши сабабларини эслатиб ўтди.

“Биз, аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорларига эътибор қаратамиз. Чунки, “Толибон”ни террорчилар рўйхатидан чиқариш ҳақидаги қарор БМТ ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган”, деди у.

Маълумот учун, “Толибон” ҳаракати 2021 йилдан буён Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилмоқда. 2023 йил охирида Қозоғистон “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Ўшанда ҳам ТИВ Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош ассамблеяси қарорларига риоя қилишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурияда президент Башар Асад режимини ағдарган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний Сурия иккинчи Афғонистонга айланмаслигини таъкидлаганди. Шунингдек, ал-Жўлоний мамлакат урушдан чарчагани ва ўзининг қўшниларига ҳам, Ғарбга ҳам таҳдид солмаслигини айтди. У берган интервьюсида Сурияга қўйилган санкцияларни олиб ташлашни сўради.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Сурия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг