Ал-Жўлоний Сурия иккинчи Афғонистонга айланмаслигини айтди
Олам
−
11:22
3611Сурияда президент Башар Асад режимини ағдарган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний Сурия иккинчи Афғонистонга айланмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда у BBC нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Суриянинг расмий раҳбари ал-Жўлоний мамлакат урушдан чарчагани ва ўзининг қўшниларига ҳам, Ғарбга ҳам таҳдид солмаслигини айтди. У берган интервьюсида Сурияга қўйилган санкцияларни олиб ташлашни сўради.
У ҲТШни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга чақирди. Гуруҳни бу рўйхатга БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Россия ва бошқа кўплаб мамлакатлар киритган. ҲТШ ўз фаолиятини 2016 йилда “Ал-Қоида”дан (бу ҳам террористик ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган) ажралиб чиққан ҳолда бошлаган. Ал-Жўлоний “Ҳаят Таҳрир аш-Шом”ни террористик гуруҳ деб ҳисобламаслигини айтди.
Унинг айтишича, улар 7 йилдан бери ҳокимиятни қўлга киритишга уринган, аммо улар тинч аҳоли ёки фуқаролик ҳудудларига ҳужум қилмаган. Аслида, улар ўзларини Асад режимининг жиноятларидан жабр кўрганлар деб ҳисоблаган.
Шунингдек ал-Жўлоний Сурияни Афғонистонга ўхшатиш ҳақидаги шубҳаларни рад этган. ҲТШ етакчиси бу мамлакатлар жуда фарқли ва турли анъаналарга эга эканини таъкидлади. “Афғонистон – қабила жамияти”. Сурияда эса, Ал-Жўлонийга кўра, бошқача менталитет мавжуд. Хусусан, у аёллар таълими зарурлигига ишонишини билдирди.
“Идлибдаги университетларимиз саккиз йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритмоқда. Фикримча, бу университетларда аёлларнинг улуши 60 фоиздан юқори”, дейди у.
У Сурияда спиртли ичимликлар рухсат этиладими, деган саволга шундай жавоб берди:
“Гапира олмайдиган кўп нарсалар бор, чунки булар ҳуқуқий масалалар ҳисобланади”.
Ал-Жўлоний Сурияда ҳуқуқшунослардан иборат қўмита ташкил этилиб, у янги конституцияни ишлаб чиқишини айтди:
“Қарор қабул қилиш уларнинг вазифаси. Ҳар қандай ҳукмдор ёки президент қонунга бўйсуниши шарт”, дейди у.
LiveБарчаси