Қозоғистон зирҳли техника, дрон ва ўқотар қуроллар ишлаб чиқариши керак – Тўқаев
Олам
−
06 Сентябрь 2023
3571Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат армияси юқори профессионал, энг қийин жанговар топшириқларни бажаришга тайёр бўлиши кераклиги, бунинг учун уни юқори технологияли қуроллар ва сифатли ҳарбий техника билан жиҳозлаш зарурлигини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
“Қозоғистон мустақил равишда зирҳли машиналар, дрон ва ўқотар қуроллар ишлаб чиқариши керак. Яқиндаги мурожаатимда мен устувор вазифа – маҳаллийлаштириш улуши юқори бўлган ишлаб чиқариш циклини яратишни қўйдим. Зирҳли техника, учувчисиз учиш аппаратлари, замонавий ўқотар қуроллар – буларнинг барчасини биз ўзимизда ишлаб чиқаришимиз мумкин ва керак”, дейди Тўқаев.
2023 йил март ойи ҳолатига кўра, Қозоғистон армиясида 77 минг киши хизмат қилган, улардан 45 минг нафари фаол ҳарбий хизматчилар, яна 32 минг нафари ҳарбий тузилмаларда ишлаган. 2022 йил март ойида Тўқаев мамлакат Мудофаа вазирлигига давлат хавфсизлигига жорий таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда Қуролли кучлар тузилмаси ва таркибини модернизация қилиш бўйича топшириқ берган эди.
Шу билан бирга, у ҳарбийлар билан армияни янги техника ва қуроллар билан қайта жиҳозлаш масалаларини муҳокама қилган. Октябрь ойида мамлакатда ҳарбий доктрина янгиланиб, армияни ислоҳ қилиш бошланди.
“Қозоғистон қурол импортига қарам. Аммо вазиятни тўғрилаш учун мамлакатда моддий база ва кадрлар етарли”, дейди Тўқаев.
LiveБарчаси