Қозоғистон ядровий давлатларни “имкон қадар тез фурсатда” келишиб олишга чақирди

Олам

image

АҚШ томонидан Эрондаги ядровий объектларга уюштирилган зарбалардан сўнг Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Яқин Шарқдаги вазиятнинг ёмонлашаётганидан чуқур хавотир билдирди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ баёнот эълон қилди.

“АҚШнинг Эронга қарши сўнгги ҳарбий ҳаракатлари оқибатида глобал вазият жиддий даражада ёмонлашмоқда, бу эса дунёнинг биз яшаётган қисмидаги давлатлар хавфсизлигига таҳдид солади”,  дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Қозоғистон Эрон билан турли соҳаларда ҳамкорлик олиб бормоқда ва ТИВ барча келишмовчиликлар, жумладан ядровий масалалар, БМТ Низомига асосланган музокаралар йўли билан ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлаган.

“Ядро қуролининг тарқалишини олдини олиш ва халқаро назорат остида бу режимга амал қилаётган давлатларнинг хавфсизлигини кафолатлаш мақсадида барча манфаатдор давлатларни имкон қадар тез фурсатда янги келишув ишлаб чиқишга чақирамиз”, дейилади Қозоғистон ташқи сиёсий идораси баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Эрондаги учта муҳим ядровий объектга зарба берган, шундан сўнг АҚШ Президенти Дональд Трамп Теҳронни таслим бўлишга чақирганди. Эрон эса ядровий дастурини давом эттиришга ва АҚШ зарбаларига жавоб беришга тайёр эканини билдирган.

Мазкур вазият юзасидан Ўзбекистон  Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ҳам баёнот бериб, Яқин Шарқдаги вазиятнинг шиддат билан кескинлашаётгани чуқур хавотир уйғотаётганини. Ўзбекистон доимо минтақадаги барча томонларни ўзаро музокаралар орқали тинчлик йўлида ҳаракат қилишга чақириб келганини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон АҚШ-Эрон ядровий давлат ядровий объект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг