Қозоғистон ва Россия орасидаги товар айланмаси 30 млрд долларга яқинлашмоқда

Олам

image

Қозоғистон ва Россия савдо айланмаси 30 миллиард долларга яқинлашмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Российская газета”га берган интервьюсида сўз очди.

Президентга кўра, унинг Москвага ташрифи доирасида Қозоғистон ва Россия муносабатларини ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги декларацияни имзолаш режалаштирилган. Бу ҳужжат икки давлат ўртасидаги янги босқични очиб, ўзаро ишончнинг юқори даражасини ҳамда барча йўналишларда янада яқин ҳамкорликка тайёрликни тасдиқлайди.

Тўқаев, шунингдек, Россия Қозоғистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорлари учлигига кириши, Қозоғистон эса Россия учун асосий савдо ҳамкорлари бешлигидан ўрин олишини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси барқарор ўсмоқда ва 30 миллиард долларга яқинлашмоқда. Инвестицион ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Россиялик инвесторлар Қозоғистон иқтисодиётига сармоя киритиш бўйича етакчилар қаторида бўлиб, бу мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги ва давлатлар ўртасидаги мустаҳкам иқтисодий алоқалардан далолат беради.

Унинг айтишича, Қозоғистон ва Россия саноат кооперациясининг асоси 50 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга 170 дан зиёд қўшма лойиҳалардан иборат. Умуман олганда, Қозоғистон ҳудудида Россия капиталига эга 20 мингдан ортиқ компания фаолият юритмоқда.

Тўқаевнинг таъкидлашича, ҳамкорликда энергетика алоҳида ўрин тутади. Қозоғистон Россия энергия ресурсларини Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларига узлуксиз транзит қилмоқда, шунингдек, энергетика объектларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тўқаев 11-12 ноябрь кунлари Путин таклифига биноан Россияга бориши ҳақида хабар берилганди. Ташриф давомида томонлар Россия-Қозоғистон стратегик ҳамкорлигини сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг