Қозоғистон ва Хитой чегарасида 1500 та юк машинаси қолиб кетди
Олам
−
11 Ноябрь 2025 4533 2 дақиқа
Қозоғистон-Хитой чегарасидаги “Нур жоли” автомобиль ўтиш пунктида тахминан 1500 та юк машинаси навбатда қолиб кетган. Бу ҳақда Қозоғизстон Давлат даромадлари қўмитасига таяниб, “Nur.kz” хабар берди.
Қўмита маълумотига кўра, ҳозирда “Нур жоли” пунктида 1500 га яқин юк транспорт воситаси тўпланиб қолган. Хитой томони жорий йилнинг октябрь ойида Қозоғистондан кунига камида 800 та автомобилни қабул қилишга, йил охиригача эса бу кўрсаткични босқичма-босқич 1000 тага етказишга розилик берган.
“Эришилган келишувларга мувофиқ электрон навбат тизимидаги квоталар оширилиб, ташиш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Бироқ 2025 йил 8-12 ноябрь кунлари Хитой томони амалда кунига ўртача 700-750 та транспорт воситасини қабул қилди. Айнан шу ҳолат вақтинчалик тўпланишнинг асосий сабаби бўлди”, дейилади қўмита баёнотида.
Бундан ташқари, бошқа бир ўтиш пункти – “Қалжат-Дулати”да инспекция-назорат мажмуасини ўрнатиш ишлари олиб борилган. Бу жараён қарийб бир ҳафта давом этгани сабабли ушбу йўналишдаги ўтказиш қобилияти чекланган ва транспорт оқимининг бир қисми “Нур жоли”га йўналтирилган. Бу эса пункт инфратузилмасига қўшимча юклама келтирган.
“Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида 2025 йил 13 ноябрдан бошлаб электрон навбат тизими орқали кунлик транспорт квотаси 650 тага оптималлаштирилади. Бу оқимни тенг тақсимлаш ва ўтказиш жараёнининг барқарорлигини таъминлаш имконини беради”, дейилади қўмита изоҳида.
Қайд этилишича, вазият доимий назоратда. Хитой томони билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.
Live
Барчаси