Қозоғистон ўлим жазосини Конституцион тартибда бекор қилмоқчи

Олам

image

Қозоғистон ҳукумати мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш истагида. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 16 март куни халққа йўллаган мурожаатида маълум қилди. 

Президент ўлим жазосини бекор қилишни мамлакат Конституциясига киритишни таклиф қилди. 

“Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни ниҳоят бирлаштириш учун Конституцияга тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур, деб ҳисоблайман”, дейди у. 

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда январь ойи бошида содир бўлган тартибсизликлар оқибатида ҳибсга олинган саккиз киши тергов давомидаги қийноқлар сабаб вафот этган. Шарқий Қозоғистон вилоятида уч киши, Олма-ота вилоятида уч киши ва Олма-ота шаҳрида икки киши вафот этган. Қийноқлар оқибатида одамларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар бўйича саккизта жиноят иши қўзғатилган. 

Тўқаев халққа мурожаатида тергов ҳибсхоналаридаги қийноқлар масаласига ҳам тўхталди.

"Қийноқлар билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда тизимли ёндашувни жорий этиш муҳим. Бугунги кунга қадар бу соҳага масъул бўлган аниқ орган мавжуд эмас. Бундай амалиёт маълум хавф-хатарлар билан боғлиқ. Шу боис, ушбу функцияларни Бош прокуратура зиммасига юклашни таклиф қиламан”, дея қўшимча қилган Президент. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 март куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида мамлакат Бош прокурори Берик Асилов 243 та қийноқ ҳолатлари бўйича 9 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳибсга олинганини айтган. Улардан саккиз нафари Миллий хавфсизлик қўмитаси, яна бири эса ички ишлар ходими.

Расмий маълумотларга кўра, қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича 243 та жиноят иши қўзғатилган.

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.  

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

1

Рейтинг

2.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг