Қозоғистон Россиядан газ иттифоқини яратиш бўйича таклиф олмади
Олам
−
15 Август 2023
3764Қозоғистон Россиядан “уч томонлама газ иттифоқи”ни ташкил этиш бўйича расмий таклифларни олмади. Бу ҳақда республика Энергетика вазирлиги расмий вакили Шингис Илёсов хабар берди.
“2022 йил ноябрь ойида Қозоғистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида газ саноати соҳасида уч томонлама ҳамкорликни шакллантириш ташаббуси Россия Федерацияси томонидан эълон қилинган эди. Айни пайтда на Россия, на Ўзбекистон томонидан расмий таклифлар бўлмади”, деган Илёсов.
“Уч томонлама газ иттифоқи”ни яратиш таклифи Президент Владимир Путин томонидан илгари сурилган. Кремль лойиҳанинг моҳиятини қуйидагича изоҳлаган: биринчи босқичда мувофиқлаштириш механизмини яратиш, келажакда ҳам ички, ҳам ташқи бозорлар учун газни истеъмол қилиш ва ташиш инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилганди.
Россия Энергетика вазири Николай Шулгинов июнь ойида “Газпром” томонидан Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлари билан йил бошида имзоланган йўл хариталари асосида иттифоқ тузиш бўйича муҳокамалар давом этаётганини айтган.
11 август куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Биричевский “газ соҳасида уч томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга” бошқа давлатлар томонидан қизиқиш билдирилаётганини айтган.
Бироқ бу баёнот Туркманистонда хавотир уйғотди. “Туркмангаз” давлат концерни раиси ўринбосари Мирад Арчаевнинг айтишича, бундай лойиҳалар Пекинга газ етказиб бериш бўйича республика манфаатларига дахл қилади. Айни пайтда туркман гази қувур орқали Марказий Осиё республикаси газининг асосий истеъмолчиси бўлган Хитойга етказилади.
"Хитойга етказиб бериладиган газ ҳажмини тақсимлашнинг мавжуд схемаси Туркманистон-Хитой газ қувури лойиҳаси иштирокчилари сонини кенгайтириш режаларини ўз ичига олмайди", дея таъкидлади Арчаев.
Маълумот учун, ўтган йилдан бери Россия Хитойга газ етказиб бериш ҳажмини ошириб бормоқда, бу йил эса у деярли етакчига айланди. Хитой бош божхона бошқармаси статистик маълумотларга таяниб, 2023 йилнинг биринчи ярмида қиймати бўйича Россиянинг газ етказиб бериши 3,4 миллиард долларни, Туркманистонники эса 5 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилгани ҳақида хабар берган. Бироқ солиштирилса, Москва ўтган йилдан буён Ашхабод учун жиддийроқ рақобатчига айланган.
LiveБарчаси