Қозоғистон Президенти ҳамма кутган қонунни имзолади

Олам

image

Президент Қосим-Жомарт Тўқаев қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалаларнинг олдини олишга ҳамда маҳкумларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонунни имзолаган. Бу ҳақда Оқорда матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси, жазони ижро этиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги инсон ҳуқуқларига оид ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Қозоғистон учун жуда муҳим саналади.

Таъкидланишича, имзоланган қонун мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар доирасида Қозоғистоннинг қийноқлар ва шафқатсиз муносабатнинг бошқа шаклларига барҳам бериш, ушбу масалаларга оид халқаро нормаларни миллий қонунчиликка жорий этиш бўйича изчил қадамларининг давоми бўлади. Эндиликда маҳкумларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва салбий қамоқхона субмаданиятининг шаклланишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, Қозоғистон оммавий тартибсизликларни қўзғатганлик учун жазони кучайтиради

Ҳужжат, хусусан, қуйидаги қоидаларни жорий этишни назарда тутади:

  • шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи муомала учун жавобгарлик жорий қилинади;
  • қийноқларни жиноийлаштириш кучайтирилади;
  • ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида тергов ҳаракатларини аудио ва видеога қайд этишдан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.

Бундан ташқари, қонун маҳкумларнинг ҳуқуқларини кенгайтиради:

  • оғир касал бўлган тақдирда, уларга муддатини кечиктириш ҳуқуқи берилади, яъни маҳкумларга тиббий муассасаларда жарроҳлик муолажалари олиш имконияти пайдо бўлади;
  • маҳкумларни оғир касаллиги туфайли озод қилиш тўғрисидаги суд қарори дарҳол ижро этилади (илгари маҳкумларни озод қилиш суднинг озод қилиш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирганидан кейин амалга ошириларди);
  • маҳкум аёллар ва уларнинг фарзандлари ўртасидаги ижтимоий алоқаларни сақлаш мақсадида уларнинг фарзандларини колонияларда қолдиришлари мумкин бўлган муддат 3 йилдан 4 йилгача оширилади;
  • муқаддам судланган шахсларнинг биринчи марта судланганларга салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида жазони ижро этиш тизими муассасалари ўртасида маҳкумларни тақсимлашга ёндашувлар ўзгартирилади.

Шунингдек, эндиликда биринчи марта озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинганлар аввал жазони ўтаган шахслардан алоҳида сақланади, бу эса қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш имконини беради.

“Амалга оширилаётган ўзгартиришлар инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш ва маҳкумларни сақлаш шароитларини яхшилаш, уларнинг хавфсизлигини ошириш, ахлоқ тузатиш ва ижтимоий реабилитация қилиш имкониятини таъминлашга қаратилган”, дейилади хабарда.

 Жавоҳир Қадамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон қонунни имзолади Президент Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг