Қозоғистон Нипаҳ вируси сабабли чегарада назоратни кучайтирди

Олам

image

Бугун, 9 февраль куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) Нипаҳ вируси бўйича янги баёнот билан чиқиб, мамлакат аҳолисини барча чегара пунктларида назорат кучайтирилгани ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда ССВга таяниб, “Nur.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, Жануби-Шарқий Осиёнинг қатор мамлакатларида Нипаҳ вируси бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашгани муносабати билан Қозоғистон Республикаси давлат чегарасидаги барча ўтказиш пунктларида санитария-карантин назорати кучайтирилган.

“Ушбу инфекция бўйича ноқулай ҳисобланган мамлакатлардан, жумладан, Ҳиндистондан келаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай мамлакатлар рўйхати мунтазам равишда янгиланади.

Халқаро аэропортларда жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятларга жавоб бериш бўйича идоралараро ўқув машғулотлари ўтказилмоқда”, дейилади ССВ хабарида.

Шунингдек, вазирлик тиббиёт муассасалари юқори тайёргарлик режимига ўтказилганини, дори воситалари, шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекция препаратлари захиралари билан таъминланганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри яқинида Нипаҳ вирусининг ўлим билан кечувчи ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди. Ғарбий Бенгалия штатида ушбу вирус билан касалланишнинг беш ҳолати аниқланган бўлиб, улардан учтаси ўтган ҳафта қайд этилган. Хусусан, шифокор, ҳамшира ва тиббиёт муассасаси ходими зарарланган.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, мамлакатда Нипаҳ вируси билан касалланиш ҳолатлари ҳамда унинг ҳудудга кириб келиши қайд этилмаган. Шунингдек, мамлакатдаги эпидемиологик вазият барқарор ва тўлиқ назорат остида.

Мазкур вирус ортидан Ўзбекистонга Ҳиндистондан ҳайвонлар ва қушларни олиб келиш тақиқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон вирус Нипаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг