Қозоғистон давлат ходимларига совға беришни тақиқламоқчи
Олам
−
06 Февраль 2020
4730Қозоғистонда амалдорларнинг ҳар қандай қийматдаги совғалар олишини тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида мамлакат коррупцияга қарши кураш агентлиги раисининг биринчи ўринбосари Ўлжас Бектенов маълум қилган.
“Давлат хизматчиларига ҳар қандай қийматдаги совғаларни беришни тақиқлаш” зарур қонуний ҳужжатлар билан белгилаб қўйилиши зарур”, деди Бектенов коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган йиғилишда сўзга чиқар экан.
Раис ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозир Қозоғистонда давлат хизматчиларига 26,5 минг тенге (70 доллар) миқдорида совғалар беришга рухсат этилган. Айни пайтда эса маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексда амалдорларга совға бериш коррупция ҳисобланиши қайд этилган. Амалдорнинг таъкидлашича, бундай вазият кишиларни чалкиштиради.
Унинг таклифига кўра, ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги учун ноқонуний совға олувчи ва бунинг учун қонун олдида жавоб берувчилар доирасини кенгайтириш керак. Уларга, асосан, юқори давлат ташкилот ва идораларида ишлайдиган шахсларни (масалан, парламент депутати, судьялар ва ҳоказо) қўшиш зарур.