Қозоғистон буғдой сотиб олиш тақиқини олти ойга узайтирди
Олам
−
12 Август 2023
4185Жорий йилнинг 10 август куни Қозоғистон Ташқи савдо сиёсати бўйича идоралараро комиссияси Евросиё иқтисодий иттифоқи давлатларидан буғдойни автомобиль йўли билан олиб киришга қўйилган тақиқни яна олти ойга узайтирди. Бу ҳақда мамлакат Савдо ва интеграция вазирлиги тақдим этган маълумотларга таяниб, “Central Asia” хабар берди.
“Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссиясининг 10 август куни бўлиб ўтган йиғилиши қарори билан Евросиё иқтисодий иттифоқи давлатларидан буғдойни автомобиль йўли орқали олиб кириш тақиқи баъзи истиснолардан ташқари яна олти ойга узайтирилади”, дейилади хабарда.
Департаментнинг таъкидлашича, бу қарор Қозоғистонга буғдой импорти ва уни Россия Федерациясининг чегарадош вилоятларидан автомобиль йўллари орқали реэкспорт (хом ашёни ишлов бермай ёки қисман ишлов берган ҳолда четга чиқариш) қилишни тўхтатиш мақсадида қабул қилинган.
Шу билан бирга, маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини уруғлик билан таъминлаш мақсадида маҳсулотни автомобиль транспортида етказиб беришга рухсат берилган. Бироқ, Савдо вазирлиги бу ҳолатда, партиялар уруғлик сифати сертификати билан бирга бўлиши кераклигини айтган.
Бундан ташқари, Ташқи савдо сиёсати бўйича идоралараро комиссияси Қозоғистон ҳудудига буғдойни темир йўл орқали олиб киришни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилган, аммо лицензияга эга дон элеваторлари, донни қайта ишлаш корхоналари ва паррандачилик корхоналарига етказиб бериш бундан мустасно.
“Автомобиль транспортида тақиқ муддатини узайтириш ва темир йўлларда чекловлар жорий этиш тўғрисидаги буйруқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади”, дейилади Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 апрелидан Қозоғистонда буғдойни автомобиль йўллари орқали олиб киришга тақиқ кучга кирганди ва у 10 октябргача амал қилиши керак эди.
LiveБарчаси