Қозоғистон BRICS’га аъзоликдан бош торди
Олам
−
31 Май 14139 2 дақиқа
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат нега BRICS’га аъзо бўлмаганини тушунтириб берди. Бу ҳақда у “Al Jazeera”га берган интервьюсида сўз очди.
Тўқаевга кўра, у жуда прагматик қарашга эга ва BRICS доирасида доимий тузилмалар мавжуд эмаслигини кўрмоқда. Ташкилотда низом ҳам, котибият ҳам, дастурлар ҳам йўқ.
“Биз BRICS’да кузатувчи давлат сифатида рўйхатга олинганмиз ва менимча, бу етарли. Аввало, бу ерда ташкилотнинг самарасизлиги ёки самарадорлиги ҳақида гап кетмоқда. Ҳа, йирик давлатлар бор, ўрта миқёсдаги давлатлар бор, кичик давлатлар ҳам бор, ҳар бир халқаро ташкилотда шундай. Биз BRICS’да кузатувчи бўламиз, кейин эса вақт кўрсатади”, деган мамлакат раҳбари.
Маълумот учун, BRICS 2006 йилда Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган. 2024 йил бошида янги давлатларнинг қўшилиши билан бирлашма BRICS+ деб атала бошланди. Ташкилотга Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Африка Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Миср, Эфиопия ва Индонезия аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон эса ташкилотда ҳамкор давлат сифатида рўйхатдан ўтган. Ташкилотнинг асосий мақсади жадал ривожланаётган иқтисодиётга эга давлатларни бирлаштириш, уларнинг жаҳон саҳнасидаги ролини кучайтириш, сиёсатни мувофиқлаштириш ва глобал бошқарувнинг муқобил механизмларини яратишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида Қозоғистон Президентининг маслаҳатчиси Берик Уали мамлакатга BRICS’га аъзолик бўйича таклифлар бўлганини айтган эди. Бироқ Қозоғистон бу таклифдан воз кечишга қарор қилган. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Қозоғистон ҳам BRICS’нинг ҳамкор давлати мақомига эга бўлган.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси