Қозоғистон Бош вазири “Марказий Осиё – ЕИ” кенгашини тузишни таклиф қилди
Олам
−
06 Ноябрь 2021
6952Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин давлат органлари раҳбарлари ва бизнес вакиллари иштирок этадиган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” бизнес кенгашини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири матбуот хизмати Маминнинг Бишкекда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” биринчи иқтисодий форумидаги нутқи якунлари бўйича маълум қилди.
“Бош вазир “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” бизнес кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди, унда икки минтақанинг иқтисодий блоклари вазирлари, бизнес раҳбарлари, шунингдек молия институтлари, савдо-саноат палаталари вакиллари иштирок этади”, дейилган хабарда.
Марказий Осиёга Европа сармояларини жалб қилиш ва тузилмасини яратиш учун Мамин “Остона” халқаро молия маркази майдонини таклиф қилган, у ерда ҳозирга қадар ЕИнинг 70 га яқин компанияси қулай солиқ, виза ва меҳнат режимида ишлайди.
“Марказий Осиё Республикалари ва Европа Иттифоқи давлатларининг барқарор ривожланиш моделларига ўтишини таъминлаш мақсадида Қозоғистон Бош вазири Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи учун “Яшил иқтисодиёт концепсиясини” биргаликда ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди”, дейилган хабарда.
Қозоғистон ҳукумати раҳбари мамлакатларнинг пандемиядан кейинги ривожланиш кун тартибига ўтишини ҳисобга олган ҳолда Европа Иттифоқи — Марказий Осиё форматида қўшма ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган. У маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг янги занжирларини шакллантириш учун Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ишлаб чиқариш фондларини интеграциялашуви муҳимлигини қайд этган.
LiveБарчаси