Қозоғистон ҳудудига дрон қулаб тушди
Олам
−
20 Март
9383Қозоғистон ҳудудига Россия қўллаётган “Shahed” дронларига ўхшаш дрон қулаб тушди. Бу ҳақда “Zakon” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Ғарбий Қозоғистон вилояти полиция департаменти ваколатли хизматлар билан биргаликда Тасқалин туманида учувчисиз учиш аппаратига ўхшаш буюм топилгани бўйича текширув ишларини олиб бормоқда. Объект аҳоли пунктларидан узоқда, чекка ҳудудга қулаб тушган ва бутун ҳолатда ҳеч қандай шикастларсиз топилган.
Гувоҳларнинг айтишича, унинг узунлиги тахминан 3 метрни ташкил қилади. Корпусидаги ёзувларга кўра, бу “Герань-2” бўлиши мумкин.
“Ҳозирда воқеанинг барча тафсилотлари ўрганилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Герань-2” – бу Эрон томонидан ишлаб чиқилган “Shahed-136” дронининг Россия хизматидаги номи. Shahed-136 – бу ўз-ўзидан портловчи, яъни камикадзе услубидаги дрон бўлиб, узоқ масофадан ер усти нишонларига ҳужум қилиш учун мўлжалланган. Унинг узунлиги тахминан 3,5 метр бўлиб, қанотлари кенглиги 2,5 метрни ташкил этади. Дрон тахминан 50 кг оғирликдаги жанговар каллакка эга ва тахминан 1 000 км масофани босиб ўта олади.
Россия ушбу дронларни ўзининг “Герань-2” номи остида қайта белгилаб, Украиндаги инфратузилма объектларига қарши кенг қўлламоқда. 2024 йил март ойидан бошлаб, Россия “Герань-2” дронига термобарик жанговар каллакка эга бўлган янгиланган версиясини ишлаб чиқди. Ушбу янгиланиш каллакнинг оғирлигини 50 кг дан 90 кг гача оширди, бу эса мустаҳкамланган позициялар ва ёпиқ жойларга қарши зарбаларни янада самарали қилди.